Эътиборсизлик нохуш ҳолатларга сабаб бўлади
Истеъмолчиларнинг газ жиҳозларидан оқилона ва хавфсиз фойдаланишлари бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки озгина эътиборсизлик ҳам нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалининг сервис хизматини ривожлантириш бўлими томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг газ жиҳозлари назоратдан ўтказилиб, техник ва профилактик кўриклар асосида фойдаланиш учун хавфсизлиги таъминланмоқда.
Биргина жорий йилнинг январь ойида 16 минг 176 та аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг 31 минг 274 та газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилди.
– Газ жиҳозларининг 12 минг 666 тасида техник кўрик, 3 минг 332 тасида профилактик кўриклар ўтказилди, – дейди филиал ахборот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Шунингдек, газ таъминоти корхонаси билан тегишли тартибда шартнома тузган 178 та улгуржи объектлардаги фойдаланишда бўлган газ жиҳозлари ҳам кўрикдан ўтказилиб, хавфсизлиги таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари” келтириб ўтилган. Унда фойдаланиш ускуналарини истеъмолчиларнинг ёзма ёки электрон буюртмалари асосида газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича таъмирлаш муддатлари баён қилинган.
Жумладан, хизмат кўрсатиш муддати ҳолатнинг хавфлилик даражасига қараб белгиланади. Яъни, истеъмолчи хонадонида табиий газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилса, соҳа ходими дарҳол бориб хизмат кўрсатиши керак. Овқат тайёрлаш ёки иситиш мавсумида иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида эса бир кун давомида хизмат кўрсатилади. Иссиқ сув ва иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида (иситиш мавсумидан ташқари вақтда) - икки кун, газдан фойдаланиш ускуналарини алмаштиришда эса беш кун давомида хизмат кўрсатилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

– Сервис хизматларини ривожлантириш бўлими шаҳар, туман газ таъминоти бўлимларида ҳам мавжуд, – дейди филиал сервис хизматларини ривожлантириш бўлими етакчи муҳандиси Отажон Бебитов. – Техник ва профилактик кўрикда шаффофликни таъминлаш мақсадида чилангарларимиз томонидан кўрсатилган хизмат “HGT Servis” дастурига киритилади. Ушбу дастур газ жиҳозларига кўрсатилган хизмат ҳақини автоматик равишда ҳисоб-китоб қилади. Бу истеъмолчиларга ҳам манзур келмоқда.
Газ жиҳозларини техник ва профилактик кўриклардан тўлиқ ўтказилиши хавфсизликни таъминлашда муҳим жиҳат ҳисобланади. Шундай экан, бу масалага ҳар бир истеъмолчи масъулият билан ёндашиши лозим.
А.Бўриев, ЎзА