Эътибордан мамнун бўлдик
Акс-садо
Президентимизнинг яқинда маданият, санъат ва адабиёт ходимлари билан учрашувда илгари сурган ташаббуслари, ижодкорларга муносиб шарт-шароитлар яратиш борасидаги таклифлари ижодкор аҳлини бениҳоя руҳлантирди.
Куни кеча эса йиғилишда Президент томонидан билдирилган таклифга асосан давлатимиз раҳбарининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Бу фармон юксак эътиборнинг асл намунаси бўлди. Ижодкорга нима керак, шинам хона, осуда юрт, фикрлаш учун сокинлик ва меҳнатга эътибор. Буларнинг барчаси жам бўлса, демак, эҳтиром ва эъзоз ўз-ўзидан намоён бўлаверади. Бу гаплар янгилик эмас, аммо, бор ҳақиқат.
Ортда қолган йиллар оралиғида кўплаб ижодкорлар билан кўп мулоқотда бўлганман. Ва бир нарсага ишонч ҳосил қилганман. Ижод аҳли ўта сабрли, босиқ ва ўз меҳнатининг қадрини кутиб яшашга қодир инсон бўлади. Вилоятлардан марказга келиб, қийин шароитда ижод қилиб ҳалол меҳнати билан юрт назарига тушган, эл ардоғида бўлган кўплаб ижодкорнинг суҳбатида бўлганман. Ойлаб, йиллаб ижарама-ижара уйларда яшаб, ҳатто, мажбурликдан биноларнинг ертўласида оиласи билан турган, ҳам ишлаб, ҳам ижод қилган таниқли инсонлар ҳақида биламан. Ҳозир улар ёзган китоблар, яратган фильмлар, қўл урган асарлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳлининг диққат марказида.
Президентимиз томонидан имзоланган фармоннинг ҳар бир бандида олам-олам мазмун ва келажакка бўлган улкан ишонч, рағбат мужассам. Жумладан, фармонда “... шоир ва ёзувчилар томонидан ҳар йили камида 50 та энг сара асарлар яратилишини, миллий адабиётнинг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинишини таъминлаш; ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, жумладан, ҳар йили 1 минг нафар ижодкорни уй-жой билан таъминлаш, 3 минг нафарини бепул даволаш...” деб алоҳида таъкидлангани ижодкорга жуда катта мадад бўлди.
Бундан етти-саккиз йил аввал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида бунёд этилган янги биноси ва Адиблар хиёбони ижод аҳлига катта туҳфа бўлган эди. Ижодкор аҳлига кўрсатилган бу эътибор ислоҳотларнинг бошланғич босқичи эканлиги Президентимиз томонидан таъкидланган ва бунинг давоми борлиги қайд этилган эди.
Бугунги фармон ана шу айтилган режаларнинг давомий қисми бўлди. Бу яратилаётган шароитлар ҳар бир ижодкорни халқимиз маънавиятини бойитиш, ёш иқтидорларни юзага чиқариш, замон қаҳрамонлари ҳақида етук асарлар яратиш борасида бор куч ва ғайрат, янги нигоҳ ва шижоат билан ишлашга даъват этади. Мен ҳам бир оддий ижодкор сифатида қалам аҳли ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлардан, Президентимизнинг соҳа вакилларига эътиборидан мамнун бўлдим.
Асрор Сулаймонов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА