Эскирган уй-жойлар ўрнига замонавийлари барпо этилади, фақат бунда аҳолининг розилиги олиниши шарт
Шаҳарсозлик реновацияси нимани англатади ва фуқаролар манфаатларига қанчалик мос келади? 2026 йил 10 июндаги “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун қандай имкониятларни яратади?
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Эркин Файзиевич, айтинг-чи, реновациянинг асл моҳияти қандай ва бу нима учун амалга оширилади?
– Шаҳарсозлик реновацияси – шаҳарсозлик ҳужжатларига кўра ишлаб чиқилган реновация лойиҳасига мувофиқ ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилашдир.
Ҳудудда жойлашган биноларни, иншоотларни яшаш ва фойдаланиш учун яроқли, қулай ҳамда энергия жиҳатидан самарадор ҳолатга келтириш, шу жумладан, улардан самарали фойдаланиш ҳамда ер участкаларини қайта режалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир.

Шу ўринда айрим маълумотларга тўхталсак: юртимизда 42 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлар (1,4 миллион хонадон)нинг 31 мингга яқини (74 фоиз) 1991 йилгача қурилган. Уларни реновация қилиш бўйича ягона қонунчилик мавжуд эмаслиги айрим муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Биринчидан, турли ҳудудларда узоқ муддатли режалаштиришсиз амалга оширилаётган реновация лойиҳаларида давлат, инвесторлар ва ҳуқуқ эгалари (мулкдорлар) ўртасидаги муносабатлар тўлиқ шаффоф эмас.
Иккинчидан, реновация ҳисобига янги уй-жой массивлари ва хизмат кўрсатиш объектлари қуришдаги энг асосий масала – қурилиш остидаги ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштиришдаги муаммолар борлигидир.
Учинчидан, айрим фуқаролар реновация ҳудудига тушган мулки учун компенсация миқдорини деярли 10 баробар ортиқ талаб қилган.
Тўртинчидан, турар жойлар бўйича амалга оширилаётган реновация ва “Business city” лойиҳалари ижтимоий ва инфратузилма объектларига қўшимча юкламаларни вужудга келтирмоқда.
– Янги қонун аҳоли ва тадбиркорларга қандай имкониятлар яратади?
– Қонун билан маънан эскирган, сейсмик заиф уй-жойларни босқичма-босқич реновация қилишнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Келгусида янги уй-жойлар кўпроқ реновация ҳисобига қурилади.
Бунда, республикадаги қарийб 255 минг хонадонли 2-3 қаватли 17 мингта уйлар ўрнига, ижтимоий объектлар ва яшил майдонларга эга замонавий 7-9 қаватли жами 900 минг (3,5 марта кўп) хонадонли уйлар қуриш мумкин. Ҳозирги қурилиш тенденцияларидан қарийб 20 минг гектар ерни тежаш ва 4,5 миллион аҳолини уй-жой билан таъминлаш имконияти вужудга келади.
Реновация лойиҳасида давлат, инвестор ва мулкдорларнинг улушдор сифатида иштирок этиш механизми жорий қилинди. Бунда, давлат тасарруфидаги мол-мулк ёки ер участкасининг баҳоланган қиймати миқдорида реновация жамғармаси орқали лойиҳага улушдор сифатида кириш механизми йўлга қўйилади.
Реновацияни қўллаб-қувватлаш республика ва ҳудудий жамғармалар орқали (жозибадор ҳудудлар тушумлари ҳисобидан) олис ва чекка ҳудудлардаги авария ҳолатидаги ва эскирган уй-жойларни реновация қилиш механизми яратилади.
Реновация лойиҳасининг амалга оширилиши соддалаштирилди ва ташаббускор томонидан мулкдорларга компенсация шакллари берилиши ва солиқ имтиёзлари белгиланди.
– Қонунда аҳоли манфаатлар устуворлиги қанчалик аҳамият қаратилган?
– Албатта, аҳоли манфаатлари давлатимизнинг бош мақсади, қонунларимизда ҳам бунга устуворлик берилади. Мазкур қонунда ҳам буни кузатиш мумкин.
Эндиликда эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жойлар ўрнига замонавий, энергия тежамкор уйлар барпо этилади. Шаҳар муҳити янада яхшиланади.
Аҳоли зич ҳудудларда бир ҳудуд доирасида кўпроқ хонадон билан таъминланиш имконияти яратилади. Яъни, 2-3 қаватли 17 минг уй ўрнига 7-9 қаватли янги уйлар қуриш орқали қамров 3 баробаргача оширилади.
Ҳуқуқий кафолатлар – ихтиёрийлик, хусусий мулк дахлсизлиги, очиқлик-шаффофлик тамойиллари жорий этилади. Аҳолининг розилигисиз иш бошланмайди, яъни таклиф киритиш учун камида 80 фоиз нотариал розилик олиш талаб қилинади. Амалга оширишда эса ҳар бир мулкдор билан алоҳида келишув талаб этилади. Юз фоиз розиликсиз бузиш/қуриш ишлари амалга оширилмайди.
Реновация асосида 2025 йилда 20 минг, 2026 йилда 30 минг хонадонли кўп квартирали уйлар қуриш режалаштирилган.
– Уйи бузилган фуқароларга компенсация тўловлари қандай тартибда тўланади?
– Компенсация кафолатлари қонунда алоҳида белгиланди. Бу ҳудуднинг ўзида ёки бошқа жойдан уй-жой/нотурар жой бериш ёки пул, берилган уй майдони эскисидан кам бўлмаслиги шарт. Вақтинча ижара харажатлари қопланади, қўшимча 12 фоиз бир марталик товон тўланади.
Кўчиш зарурати туғилганда, аҳоли тайёр инфратузилмали ҳудудга жойлаштирилади ва ижтимоий ҳимоя эҳтиёжлари инобатга олинади. Кўчиш ва бошқа зарарлар ҳам қопланиши тартиби белгиланди.
– Қонун тадбиркорлар учун қандай имкониятлар беради?
– Қонун билан ягона ҳуқуқий база ва аниқ қоидалар белгиланди. Лойиҳаларнинг босқичлари, келишув тартиби, давлат ва жамоатчилик назорати белгилаб қўйилди.
Республика ва ҳудудий жамғармалар орқали улушдорлик ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади. Келишув орқали ҳуқуқий хавф пасайтирилади. Яъни, лойиҳа тасдиқлангандан сўнг ҳар бир мулкдор билан алоҳида уч томонлама нотариал келишув тузилади. 100 фоиз келишувсиз бузиш ёки қуриш бошланмайди, ташвишлар эҳтимоли камаяди.
Капитал етишмаса, инвестиция дастуридан фойдаланилади. Молия манбалари кам бўлса, учинчи шахслар маблағи жалб этиладиган инвестиция дастури амалга оширилади ва лойиҳалар тўхтаб қолмаслиги таъминланади.
Маълумки, уй-жойга талаб йилдан-йилга ўсмоқда. Реновация кўпроқ инвестициявий жозибадор ҳудудларда амалга оширилаётгани сабаб, бу борада сармоядорлар доираси ҳам кенг.
Шаҳарсозлик реновацияси ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилашга қаратилган. Мазкур қонун ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солади. Муҳими, бинолар, иншоотларни яшаш ва фойдаланиш учун қулай ҳамда энергия жиҳатидан самарадор ҳолатга келтириш ҳамда ер участкаларини қайта режалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга ҳуқуқий асос яратди.
Эслатиб ўтамиз, қонун расмий эълон қилинганидан кейин олти ой ўтгач, яъни 2026 йил 12 декабрда кучга киради.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.