ESG: барқарор ривожланиш, очиқлик ва экологик масъулият
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги Тошкент иссиқлик электр марказида танишув ташрифи ташкил этилди.
Унда мамлакатимизнинг йирик давлат ташкилотлари мутахассислари, ESG ва экология йўналишидаги раҳбар ходимлар иштирок этди.
“UzAssets” АЖ, “PwC” халқаро компанияси ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган ESG йўналишидаги малака ошириш дастури доирасида ташкил этилган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад иссиқлик газлари чиқиндиларини(Scope 1) инвентаризация қилишнинг амалий жиҳатлари, шу жумладан, маълумотларни йиғиш, ўлчаш ишларини ташкил этиш ва бирламчи ҳужжатларни юритиш усуллари билан танишишдир.

Тадбирнинг амалий қисми 2024 йилда фойдаланишга топширилган Японияда ишлаб чиқарилган янги газ турбинаси қурилмалари негизида ташкил этилди. Мазкур қурилмалар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган юқори самарадорликка эга бўлган замонавий ускуналар ҳисобланади.
Газ-турбина қурилмаларини қуриш ва фойдаланишга топшириш лойиҳаси Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида амалга оширилган бўлиб, бу станциянинг генерация қувватларини модернизация қилиш ва экологик самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди.
Ташриф доирасида иштирокчиларга станциянинг ишлаб чиқариш инфратузилмаси, ташланмаларнинг стационар манбалари ҳамда уларни ҳисобга олиш бўлинмалари таништирилди. Экологик мониторинг, ҳисобдорлик ва атроф-муҳитга таъсирни бошқаришнинг замонавий ёндашувларини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керакки, ESG тамойиллари стратегик ривожланишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил ва тизимли равишда қўллаб-қувватланмоқда.
Барқарор ривожланиш, экологик масъулият ва фаолият очиқлиги масалаларига фаол киришиш, шунингдек, бу каби тадбирлар юзасидан ташаббус кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг ESG соҳасидаги илғор халқаро тажрибалар ва стандартларни жорий қилишга мойиллигини тасдиқлайди.
Тадбир якунида иштирокчилар ESG соҳасида касбий билимлари ва кўникмалари даражасини ошириш ҳамда тармоқлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА