Ҳар бир аниқланган қоидабузарлик бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда
Ёқилғи-энергетика соҳасида ноқонуний уланишлар, қоидабузарликлар ҳамда сифат талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар муомаласига қарши тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ўрганишлар ва текширувлар натижасида энергетика инфратузилмасидаги мавжуд камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев қуйидагиларни маълум қилди:
– Ташкилотимиз тегишли идоралар билан ҳамкорликда олиб бораётган назорат тадбирлари мамлакатда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда қонунийликни таъминлаш, исрофгарчилик ҳамда ноқонуний уланишларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яқинда Тошкент вилоятининг Пискент туманида ўтказилган назорат тадбирида “T. H.” фермер хўжалигининг электр қурилмалари ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланган ҳолда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Ушбу қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 458 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Шунингдек, газ тақсимлаш тизимидаги йўқотишлар ҳам ўрганилмоқда. Жиззах вилоятида махсус газ детектор қурилмаси орқали газ қувурлари ва газ тақсимлаш пунктларидаги йўқотишларни аниқлаш мақсадида назорат ишлари олиб борилди. Хусусан, “Ўзтрансгаз” АЖ Ғаллаорол магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли “Пахтакор-Зафаробод” газ тақсимлаш станцияларида ўтказилган ўрганишда технологик схемага янги ўзгартиришлар киритилмагани ҳамда хавфсизлик клапанида газ сизиб чиқиш ҳолати мавжудлиги аниқланди. Шу билан бирга, байпас тармоғидаги ёпувчи қурилмаларда болтлар ўрнатилмагани ва босимни ростлаш тармоғида ҳам айрим камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Фарғона вилоятида ўтказилган назорат тадбирида эса “S. G. S.” МЧЖга қарашли АЁҚШда AI-95 маркали автобензин лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра давлат стандарт талабларига мос келмаслиги, яъни сифатсиз эканлиги аниқланди. Ушбу қоидабузарлик учун реализация қилинган нефть маҳсулотининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилди. Шунингдек, АЁҚШда мавжуд қолдиқ сифати паст нефть маҳсулотларини сотувга чиқармаслик ҳамда уларнинг сифатини белгиланган тартибда қайта тиклаш бўйича кўрсатма берилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир аниқланган қоидабузарлик бўйича қатъий чоралар кўрилиши сабабли нафақат давлат манфаатлари, балки истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳам ҳимоя қилинмоқда. Шу билан бирга, соҳада шаффофлик ва масъулиятни оширишга қаратилган бу каби ишлар изчил давом эттирилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА