Эсабойлик деҳқонлар ҳақида эшитганмисиз?
Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Эсабой қишлоғилик деҳқонларнинг сабзавотчиликдаги, айниқса, сабзи ва шолғом етиштиришдаги бой тажрибаси ортидан фаровон турмуш кечираётгани, миллион-миллион даромад топаётгани ҳақида кўп ёзганмиз.
Эндиликда омилкор эсабойлик деҳқонлар боғбончиликни ҳам йўлга қўйиб хурмо ва анжир етиштиришни йўлга қўймоқчи.

Хусусан, айни кунларда давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, Қашқадарё вилояти бўйича жами 828 та маҳалладаги аҳоли хонадонларига 364 минг дона хурмо ва анжир кўчатлари экиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шу боис вилоят ҳокими Муротжон Азимов тумандаги Эсабой маҳалласига ташриф буюрди. Вилоят ҳокими дастлаб аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг ўз томорқаларидан қай тарзда фойдаланаётганлигини ўрганди.

Аҳолининг меҳнаткашлиги инобатга олиниб, хонадонларга “Агробанк” томонидан 10 минг дона хурмо ва анжир дарахти кўчатлари бепул тарқатилди. Вилоят раҳбари хонадонларга кириб, фуқаролар томорқасида дарахт кўчатларини ўтқазиш ишларида ҳам қатнашиб, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича аҳолини фаолликка чақирди.


Шунингдек, Муротжон Азимов эсабойликлар билан мулоқот қилиб, маҳалла аҳлининг ҳар йили ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, бошқа ҳудудларга ўрнак бўлаётганини эътироф этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири