Эртанги ҳосилга ҳаракат бугундан бошланади
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида янги заъфарон мавсуми олдидан тайёргарлик ишлари қизғин тус олмоқда. Тумандаги “BMB Opera Zafferano” ҳамда “BMB Shifo” корхоналарида янги ҳосил учун зарур агротехник тадбирлар изчил амалга оширилиб, далаларда мавсумнинг ҳар бир босқичига пухта замин яратилмоқда.
Айни пайтда ер майдонларини тайёрлаш, пиёзбошларни парваришлаш ва заъфарон етиштириш билан боғлиқ бошқа зарур агротехник ишлар ўз вақтида бажарилмоқда. Зеро, заъфарончиликда натижа фақат ҳосил миқдори билан эмас, балки маҳсулотнинг сифати, етиштириш жараёнининг тўғри ташкил этилиши ва белгиланган технологияларга қатъий амал қилиниши билан ҳам баҳоланади.

Заъфарон – дунёдаги энг қимматбаҳо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан бири. Унинг озиқ-овқат, фармацевтика ва косметика саноатида кенг қўлланилиши мазкур экинни етиштиришга бўлган эътиборни янада оширади. Шу боис пиёзбошни танлаш ва парваришлашдан тортиб, нозик гулларни ўз вақтида йиғиб олишгача бўлган ҳар бир жараён алоҳида масъулият ва аниқ агротехнологик ёндашувни талаб этади.

Бахмалдаги корхоналар фаолиятида эса бу йўналишни келгусида янада ривожлантириш, хусусан, заъфарон плантацияларини кенгайтириш мақсади устувор вазифалардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Шу мақсадда сифатли пиёзбошларни “BMB H98” мутахассисларининг ўзлари етиштиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Бу эса янги майдонларни барпо этиш, зарур сифатдаги пиёзбошлар билан барқарор таъминланиш ва заъфарончиликни узоқ муддатли, тизимли йўналиш сифатида ривожлантириш учун муҳим асос бўлади.

Табиийки, ҳар бир ҳосил мавсуми замирида унгача қилинган меҳнат, эътибор ва пухта тайёргарлик мужассам. Бахмалда бугун далаларда кечаётган агротехник жараёнлар ҳам ана шу ҳақиқатни тасдиқлайди. Зеро, ерга берилган бугунги меҳр ва сифатга қаратилган эътибор эртага олтинранг заъфарон ҳосили бўлиб намоён бўлади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири