Рақобатга қарши келишилган ҳаракатлар учун жарималар қўлланилди
Рақобат қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги 22 та газ тўлдириш шохобчасида рақобатга қарши келишилган ҳаракатлар юзасидан молиявий жарималар қўлланилди.
Қўмитага келиб тушган фуқаро мурожаати асосида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият юритаётган 22 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасидаги нархлар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Нукус шаҳрида фаолият юритаётган юқоридаги шохобчаларда бир вақтда 1 м³ сиқилган газ маҳсулоти амалдаги нархига нисбатан ўртача 1050 сўмгача оширилиб сотилгани аниқланган.
Аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасидаги қўмита Махсус комиссияси томонидан ушбу хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси талаблари, яъни рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилгани юзасидан ишлар қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.
Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган айрим (9 та) субъектлар томонидан судга мурожаат қилинган, Суд томонидан қўмита қарорларининг қонунийлиги яна бир бор тасдиқланган.
Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъи назар ички бозорда фаолият юритувчи барча хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида рақобатга қарши келишилган (мувофиқлаштирилган) ҳаракатлар юзасидан мониторинг тадбирларини давом эттиради.
Н.Раҳмонова,
ЎзА