Эртага “WTT Feeder Tashkent-2026” халқаро турнири ғолиб ва совриндорлари маълум бўлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтдаги “Олимпия шаҳарчаси”да стол тенниси бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган “WTT Feeder Tashkent-2026” халқаро турнири ҳал қилувчи босқичга етди.
Жаҳон стол тенниси тақвимидан ўрин олган нуфузли мусобақада 18 давлатдан 160 нафардан ортиқ профессионал спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда. Турнирда халқаро рейтинг очколари учун кечаётган қизиқарли учрашувлар мухлисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
[gallery-30588]
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар ҳам муносиб иштирок этмоқда. Эркаклар жуфтлик баҳсларида Шоҳруҳ Искандаров – Қутбидилло Тешабоев ҳамда Мусобек Толиев – Шаҳбозбек Ғуломиддинов жуфтликлари муваффақиятли иштирок этиб, чорак финалга қадар етиб келди. Бу эса ўзбек стол тенниси тарихида халқаро рейтинг турнирида қайд этилган энг яхши натижалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Афсуски, чорак финал баҳсларида ҳар икки жуфтлик ҳам кучли рақибларига имкониятни бой бериб, медаллар учун курашни тўхтатди.
Эртага мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар ва аёллар ўртасида яккалик ҳамда жуфтлик баҳслари, шунингдек, аралаш жуфтликлар беллашувларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади. Турнир якунида ғолибларга медаль, кубок ва халқаро рейтинг очколари топширилади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА