Эрон ва Ўмон Ҳурмузни бирга бошқармоқчи
Эрон Ҳурмуз бўғозини назорат қилиш ва бошқариш масаласида Ўмон билан махсус битим тузиш ниятини маълум қиларкан, ушбу стратегик сув йўлига ташқи кучлар, хусусан Франция аралашувига қатъий қарши чиқди. Бу ҳақда "The Guardian" нашри хабар берган.
Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий таъкидлашича, Ҳурмуз Теҳрон учун ҳал қилувчи ва фундаментал аҳамиятга эга. Мазкур ҳудудни бошқариш фақат қатъий равишда қирғоқ бўйи давлатлари томонидан амалга оширилиши лозим. Дипломатнинг сўзларига кўра, Эрон ва Ўмон бўғозда кўрсатиладиган хизмат учун тўлов ундириш борасида ягона тўхтамга эга. Франция каби бегона давлатлар ҳудудни минадан тозалаш жараёнига аралашишига йўл қўйилмайди.
Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр Ал-Бусайдий ҳам бўғозни бошқариш масаласида Эрон билан ҳамфикрлигини билдирган. Бу баёнотлар Президент Эммануэль Макроннинг Ўмон Султони Ҳайсам бин Тариқ Ал-Саид билан учрашувидан сўнг, Париж бўғозни минадан тозалаш амалиётида иштирок этиш қарорини эълон қилиши ортидан янгради.
Ф.Яхшибоева, ЎзА