Эрон Трамп таҳдидларини "ҳолливудча хомхаёллар" деб баҳолади
АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронни "тош даврига қайтариш" ҳақидаги қатъий баёноти Теҳроннинг жиддий жавобига учради. Бу кескин риторика минтақавий хавфсизликни хавф остига қўядими?
Қўшма Штатлар етакчиси Дональд Трамп томонидан Эронни “тош даврига қайтариш” ҳақидаги кескин баёнот берилгач, Теҳрон расмийлари бунга танқидий жавоб қайтарди. Эрон томони бу каби чиқишларни жиддий сиёсий сигнал эмас, балки “ҳолливудча хомхаёллар” сифатида баҳоламоқда.
Хусусан, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) вакиллари Оқ уй раҳбарининг риторикасини кескин қоралаб, бундай таҳдидлар минтақавий хавфсизликни янада издан чиқаришини таъкидлади. ИИҚКнинг ҳаво кучлари қўмондони Мажид Мусавий ўз баёнотида АҚШ раҳбариятини танқид қилиб, бундай сиёсат америкалик ҳарбийлар ҳаётини хавф остига қўяётганини урғулади. Шунингдек, у тарихий қиёс келтириб, нисбатан қисқа давлат тарихи билан минг йиллик цивилизацияга таҳдид қилиш ҳолатини кескин киноя билан қайд этди.
Эрон президенти маъмурияти вакили Меҳди Табатабоий ҳам бу мавзу юзасидан фикр билдириб, “тош даври” ҳақидаги иборани мутлақо асоссиз деб атади. Унинг таъкидлашича, Эрон цивилизацияси чуқур тарихий илдизларга эга бўлиб, бундай таҳдидлар ҳақиқий вазиятдан йироқ. Аксинча, у АҚШнинг ўзи глобал сиёсий кескинликни кучайтираётганини билдириб, бу каби ёндашув хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Аввалроқ, Трамп Эрон ядровий келишув шартларига рози бўлмаган тақдирда, мамлакатнинг энергетика инфратузилмасига кенг кўламли зарба берилиши мумкинлигини айтган эди. Ушбу баёнотда Эронни электр энергиясидан бутунлай маҳрум қилиш орқали иқтисодий ва ижтимоий тизимни издан чиқариш эҳтимоли тилга олинган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА