Эрон ташқи ишлар вазирлигида учрашув
Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Меҳди Сафарий билан учрашув ўтказди.
Мулоқот жараёнида олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифлар, мулоқотлар ҳамда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 14-йиғилиши якунлари ижросини таъминлаш, жумладан, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси кўламини янада кенгайтириш юзасидан келишиб олинди.
Илм-фан ва инновация соҳасида ҳамда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятини соғломлаштириш чора-тадбирлари доирасида эълон қилинган қўшма «стартап» лойиҳалари ижросини жадаллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли муносабатни янада ривожлантириш истиқболи атрофлича муҳокама этилди. Томонлар кун тартибидаги бошқа қатор муҳим масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашди.
ЎзА