Эрон Қувайт аэропортига зарба берди
Қувайт халқаро аэропорти дронлар ҳужумига учради. Зарба йўловчилар терминалига тўғри келгани оқибатида бино жиддий шикастланди, бир неча киши жароҳат олди. Ҳодисадан кейин мамлакатда тижорий авиақатновлар вақтинча тўхтатилди.
Ҳужумдан сўнг “Kuwait Airways” барча рейсларни кейинги эълонга қадар бекор қилди. Аэропорт ҳудудида хавфсизлик чоралари кучайтирилди, мутасаддилар зарар кўламини баҳолаш ишларини бошлади. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Воқеа Эрон ва АҚШ ўртасидаги янги кескинлик фонида юз берди. Вашингтоннинг талқинига кўра, Қувайт ва Баҳрайн томон ракеталар учирилган, шундан сўнг Америка ҳарбийлари Қешм оролидаги объектга зарба берган. Теҳрон эса ҳаракатларини аввалги ҳужумларга жавоб сифатида баҳоламоқда.
Баҳрайн ҳаво ҳудудига йўналтирилган бир нечта ракета ва дрон йўқ қилинган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси нишонлар орасида АҚШнинг минтақадаги ҳарбий инфратузилмаси ҳам бўлганини айтмоқда. Томонларнинг баёнотлари ҳозирча мустақил манбалар томонидан тўлиқ тасдиқлангани йўқ.
Айни пайтда сиёсий мулоқотлар тақдири ҳам савол остида қолмоқда. Теҳронга яқин манбалар воситачилар орқали алоқалар тўхтаганини иддао қилмоқда. Оқ уй эса музокаралар давом этаётганини таъкидлаб, қарама-қарши сигнал бермоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА