Эрон Президенти Трампга мурожаат қилди: Биз тиз чўкмадик (+видео)
БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида нутқ сўзлаган Эрон Президенти АҚШ ва Исроилни бегуноҳ аҳолига ноқонуний зарба беришда айблади. Шундан сўнг АҚШ делегацияси зални тарк этди. Нутқи якунида Масъуд Пезешкиён АҚШ Президенти Дональд Трампга мурожаат қилиб, “Ҳа, улар зарба беришди, аммо биз тиз чўкмадик” деди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Эрон раҳбари мамлакати террор ташкилотчиси эмас, балки қурбони эканини таъкидлаб, бир кун аввал Эрон Ислом Республикасини “йўқ қилиш” билан таҳдид қилган Трампнинг баёнотига жавоб қайтарди.
Нутқи бошида урушнинг биринчи куни Миноб шаҳридаги мактабга берилган ракета зарбаси туфайли ҳалок бўлган болалар суратини кўрсатди. Ўша ҳужумда 156 киши ҳаётдан кўз юмганига эътибор қаратди. Шунингдек, илк зарба қурбонига айланган марҳум Оятулло Али Ҳумонаий расмини ҳам намойиш қилиб, шу куни АҚШ томонидан спорт залига қилинган ҳужумни ҳам ёдга олди.
– АҚШ Президенти бизни “террорчилар” деб атади, аслида эса терроризм қурбони бўлганлар бизмиз, – деди Пезешкиён.
У АҚШ ва Исроилни Эроннинг оддий аҳолиси ҳамда фуқаролик инфратузилмасига ноқонуний зарбалар беришда айблади. Эрон ҳарбий салоҳиятини фақат ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ривожлантираётгани, бошқа давлатларга ҳужум қилиш нияти йўқлигини таъкидлади. У сўзлаётган пайт АҚШ делегацияси мажлис залини тарк этди.
Шунингдек, Пезешкиён Эрон ядровий дастури атрофидаги низони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади. Исроилга қарата эса шундай деди:
– Атом бомбаси Исроилда, лекин халқаро инспекторлар негадир бундай қуролни Эрондан қидиради. Исроил одамларни ўлдиряпти, санкция эса Эронга қарши қўлланяпти.
Президент Яқин Шарқдаги вазиятга ҳам тўхталди:
– Минтақадаги ҳеч бир давлат ёлғиз ҳолда ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Ё биргаликда хавфсизлик тизимини барпо этамиз, ёки ҳаммамиз беқарор шароитда яшайми.
Маърузаси якунида у бевосита Трампга мурожаат қилди:
– Жаноб Трамп ва Эронни қўрқитишга уринаётган бошқалар тушуниши керак: биз мулоқот, дипломатия ва музокарага тайёрмиз, аммо куч ишлатиш тилини қабул қилмаймиз. Ҳа, бизга зарбалар берилди, аммо тиз чўкмадик.
АҚШ ва Исроил вакиллари Пезешкиённинг нутқини кескин танқид қилиб, Эрон Ислом Республикаси икки юзламачилик билан халқаро ҳамжамият олдида ўзини қурбон сифатида кўрсатишга уринаётганини билдирди.
Бир кун аввал Трамп ҳам худди шу минбардан туриб “Эрон билан келишув тузиладими... ё Ислом Республикасини йўқ қилишимиз керакми?” деган саволни ўртага ташлаган эди.
Бинобарин, ўша нутқидан кейин Америка етакчиси журналистларга АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтгани, мулоқот “жуда яхши” кечганини айтди.
Эрон ТИВ вакили Исмоил Бағоий муносабатлар аҳамиятини инкор этиб, фикр алмашинуви давомида “ҳеч қандай янги гап” айтилмаганига урғу берди.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, (видео) ЎзА