Эрон: Ҳар қандай қарор миллий манфаатлар асосида қабул қилинади
Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Исмоил Бағаий Вашингтонга кескин мурожаат қилиб, мамлакат уруш ёки тинчлик масаласида ташқи босимга бўйсунмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, музокаралар тақдири фақат миллий манфаатлардан келиб чиқиб ҳал этилади, ҳар қандай қарор эса Теҳроннинг ўзи томонидан қабул қилинади.
Айни пайтда Қатар ва Покистон воситачилигида аввал тўхтаб қолган вақтинчалик келишувни қайта тиклаш бўйича дипломатик ҳаракатлар давом этмоқда. Шу билан бирга, Бағаий ҳарбий амалиётлар ишонч муҳитини издан чиқарганини айтиб, ҳозирги устувор вазифа мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш эканини қайд этди.
АҚШ президенти Дональд Трамп эса журналистлар билан мулоқотда Эрон турли воситачилар орқали мулоқот қилиш истагини билдирганини даъво қилди. У дипломатик йўлга яна бир имконият берилганини айтди, бироқ келишув амалга ошмаса, кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.
Музокаралар қайта жонланиши ҳақидаги умидларга қарамасдан, Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият ўзгаргани йўқ. Эрон бу денгиз йўли бўйича Ўмон билан мулоқот олиб бораётганини маълум қилди, бироқ ушбу жараёнда учинчи томон иштирок этмаслигини урғулади. Расмийлар стратегик йўлак юзасидан барча қарорлар мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилиниши, хорижий давлатлар эса бу жараёнга аралашмаслиги лозимлигини билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА