Эрон: Боб Ал-Мандоб янги босим нуқтасими?
Эрон Ҳурмуз бўғозидаги кескинлик ортидан энди Қизил денгизга чиқиш йўли ҳисобланган Боб Ал-Мандоб бўғози орқали босимни кучайтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлик бермоқда. “Reuters” таҳлилига кўра, бу глобал энергетика ва денгиз савдоси учун янги хавф пайдо қилиши мумкин.
Қайд этилишича, АҚШ Эрон ҳудудига зарба беришда давом этаётган бир пайт, Ямандаги Эронга яқин “Ансоруллоҳ” ҳаракати ҳам фаоллашмоқда. Таҳлилчилар фикрича, Теҳрон босим ўтказиш жараёнида фақат Форс кўрфази билан чекламасдан, ҳаракатни Қизил денгиз йўналиши бўйлаб ҳам кенгайтиришга уринаётир.
Хусийлар сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Ал-Фароҳ Саудия Арабистони Яманга қарши ҳарбий ҳаракатни давом эттирса, Боб Ал-Мандоб бўғози ҳам ёпилишини билдирди. Ҳар икки йўлак тўсиб қўйилиши ортидан нефть нархи баррель учун 200 долларгача кўтарилиши мумкин.
Мутахассислар Боб Ал-Мандоб бўғози Ҳурмуздан кейин Эроннинг муҳим стратегик босим воситаси эканини таъкидламоқда. Лондондаги “King's College” университети эксперти Андреас Криг фикрича, агар Америка Эроннинг муҳим инфратузилмасига ҳужумни кучайтирса, Теҳрон Ямандаги иттифоқчилари орқали мазкур бўғоздаги хатарни янада оширади.
Умуман, бу икки бўғоз атрофидаги вазият кескинлашиши жаҳон нефть бозори ҳамда халқаро юк ташиш тизими учун асосий хавф омилидир.
Д.Ҳакимов, ЎзА