Ерни ўзбошимчалик билан эгаллашнинг ҳисоби сўралмоқда
Жиззах вилоятида ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммолар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Президентимиз раҳбарлигида 2021 йилнинг 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд раисининг фармойиши қабул қилинди ва унга кўра ҳар бир вилоят учун махсус ишчи гуруҳи тузилди.
[gallery-5377]
Мазкур фармойиш билан тузилган ишчи гуруҳ томонидан Жиззах вилоятида йиғилиш ўтказилиб, ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммолар аниқланди. Уларнинг қонуний ечимларини топиш юзасидан тайёрланган саволнома бўйича иш олиб борилиб, вилоят бўйича турар ва нотурар жойларнинг рўйхати шакллантирилди. Ана шу рўйхат бўйича мулк объектларининг кадастр ҳужжатлари маълумотлар базасига киритилмаганларининг сони аниқланди.
Шу каби масалаларни батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириб, уларнинг қонуний ечимларини топиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА