Ерни ноқонуний ўзлаштириш: масъуллар огоҳлантирилди
Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Шароф Рашидов тумани ҳокимлигида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерларнинг ўзбошимчалик билан ва ноқонуний равишда эгаллаб олинишининг олдини олиш, ерларни талон-тарож қилишга йўл қўймаслик масаласида ташкил этилган йиғилиш танқидий руҳда ўтди.
Унда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари С.Бозоров ва бошқалар Президентимиз томонидан ер муносабатлари бўйича бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинаётгани қайд этилди. Ҳужжатлар ижроси бўйича йиғилишлар ташкил этилаётганига қарамай, Шароф Рашидов туманида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй-жой қуриш ишлари авж олиб кетганлиги, бунга туман масъуллари томонидан эътибор қаратилмаётгани, ер муносабатларини тартибга солувчи ходимларнинг ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиниши ва шу каби жиноятларга шерик бўлиш ҳолатлари мавжудлиги, суғориладиган ер майдонларини сотиб юбориш ҳолатлари ҳақида сўз борди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерларни сотишга йўл қўяётган баъзи мутасаддилар қатъий огоҳлантирилиб, уларга нисбатан қонун доирасида жиддий чоралар кўрилиши айтилди.
Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан ва ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатларига қарши аниқ вазифалар белгилаб олинди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА