Эркпарварлик бўйнига солинган сиртмоқ
“Халқлар доҳийси” Сталин вафот этган кун.
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
1953 йил.
“Халқлар доҳийси” Сталин вафот этган кун.
Радиокарнайлар “доҳий” билан видолашув маросимларидан репортажлар бериб бораяпти. Сўнгги видолашувда ҳамма тик туришга мажбур этилган. Наманган шаҳридаги 22-мактаб директори Боймирза Мирзаев оғир хаста бўлишига қарамасдан, колхоз радиоузели ёнига келиб, мотамсаро оммага қўшилади. У беҳол бўлгани туфайли тик туришга ярамай, дарахтга суяниб ўтириб қолади. Бу “оғир жинояти”, яъни “улуғ доҳийга” ҳурматсизлиги учун домла олти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинади...
Қатағон, жабр-зулмлар ҳақида гап кетганда, бу машъум сиёсат миллатидан қатъи назар, минглаб инсонлар тақдирини кунпаякун қилган. Оёғида чориқ, эгнида яктак, бошидаги дўпписини белбоғи билан боғлаб, кетмонини елкасига ташлаб олган, бутун умри қора меҳнатдан бошқасини билмаган ўзбекнинг сиймоси беихтиёр кўз олдимизга келади.
Ота маконимиз – Ўзбекистонда миллий озодлик йўлида олиб борилган курашларга раҳнамолик қилган миллатимиз фидойилари дастлабки қатағон тўлқини, бўронига тўқнаш келган эди. Аждодларимизга ўша замонларда, ҳозирда умумтаълим мактаби ўқувчиларига яхши таниш бўлган “18 лар гуруҳи”, “Иноғомовчилик”, “Қосимовчилик”, “Бадриддиновчилик”, “Ботир гапчилар”, “Кўр каламушчилик” деган сиёсий тамғалар босилган эди.
Халқ жаллодлари ўз югурдаклари, малайларига турли-туман қурилишлар учун текин ишчи кучи керак бўлиб қолса “қамоққа олиш мақсадида, ҳатто, адреслар бюроси ёхуд сайловчилар рўйхатини олиб, навбатма-навбат қамашга киришиш керак”, деган топшириқлар берган. Айбдорларни топиш ва қамоққа олиш бўйича социалистик мусобақа ҳам ўтказилар эди. Хоразм ички ишлар хизмати бўлим бошлиғи Ференц деган киши бир ой мобайнида “бор-йўғи” 60 кишини қамоққа олганида, марказдан “бу иш эмас, ғирт дангасаликдир”, деган қаттиқ дакки эшитган эди.
Энг ёмони, шўро даврида заковатли совет кишисининг беш муқаддас қоидаси этиб зимдан қуйидагилар белгиланган эди:
1. Ўйлама.
2. Агар ўйласанг, гапирма.
3. Агар ўйласанг ва гапирсанг, ёзма.
4. Агар ўйласанг, гапирсанг ва ёзсанг, имзоингни қўйма.
5. Ўйласанг, гапирсанг, ёзсанг ва имзо чексанг, ажабланма.
Қатағон қурбонлари юксак ҳурмат-эҳтиром билан ёдга олинган вақтда фақат “Шаҳидлар хотираси” мажмуи эмас, ёхуд баланд кўтарилган Бўзсув соҳили эмас, балки Фарғона водийси, Самарқанду Бухоро, мухтасар айтганда, бутун Ўзбекистонимизни аниқ-равшан тасаввур қилишимиз керак. Барча шаҳару қишлоқларимиздан қанча-қанча одамлар, аждодларимиз қатағон этилганини, қамоқхоналар ва сургунларда қийноқ азобида жон берганларини унутмаган ҳолда хотирлашимиз даркор.
Бахтиёр ИСҲОҚОВ,
Наманган давлат университети доценти,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби