Эркам – Наврўз, кез Ўзбекистонлар қадар!
Шу кунларда Оқтов ёнбағир адирларида ўзгача шукуҳ ҳукмрон!
Жонажон ватанимизга Наврўз кириб келмоқда! Бу байрамни биз Янги кун, ҳаётимизнинг янги саҳифаси сифатида муносиб эъзозлаймиз!

Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани аҳли куни кеча эрта тонгданоқ Оқтов тизмаси ёнбағрида жойлашган Бўстон маҳалласининг кенгликлари сари отландилар. Бу кенгликлар бағрикенг инсонлари билан янада файзиёблик касб этди, десак асло муболаға бўлмас!
Ушбу умумхалқ байрами бутун мамлакатимиз бўйлаб “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида халқ сайли тарзида юқори савияда нишонланмоқда. Бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойи ҳамда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да нишонланаётгани азалий қадриятларимизни яна кўнглимиз кўзгусига солди, уларга қайта жон бахш этди гўё.

Бу қутлуғ айём “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб ғояга ҳамоҳанглик касб этиб, меҳру-оқибатли халқимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келмоқда.

Иштихонликларни кўркам бир манзилга жамлаган ушбу қутлуғ сана муносабати билан ташкил этилган катта байрам дастури шубҳа йўқки, ҳар бир кўнгилда бугунги тинч ва осуда кунларимиз учун шукроналик кайфиятини уйғотди. Шунингдек, Наврўз байрамини нишонлаш билан боғлиқ турли удум ва анъаналар, халқ ўйинлари – арқон тортиш, миллий кураш ҳамда улоқ-кўпкари сингари томошалар, баҳорий таомлар ҳамда ранг-баранг кўргазмалар ташкил этилганлиги байрамона кайфиятни янада юксалтиргани тайин.

Бир сўз билан айтганда, юртимиздаги тинч ва осойишта кунлар бардавом экан одамлар қалбидаги меҳр-у оқибат ҳамда бирдамлик кайфияти, шукроналик туйғуси барчамизни энг эзгу мақсадлар сари отлантираверади!

Мен ҳам туман раҳбариятининг таклифини эшитибоқ болалигим ўтган Иштихон томонга юксак ифтихор ила қанот боғладим. Шу элнинг шоир фарзанди сифатида тўлиб-тошиб шеърлар ўқидим, барчани байрам билан қутладим.

Қадамлари хуш баҳорнинг кўркам ташрифи барча юртдошларимизга муборак бўлсин! Қадриятларимиз ўз номига мос тарзда янада қадр топиб бораверсин, Янги куннинг қутлуғ келгани чин бўлсин!
Сен кетма, баҳор!
Кунларимиз ёғдуланар қордай бугун,
Ўрикларнинг бошида қор бордай бугун,
Қўлимдаги қалам чертсам тордай бугун,
Замин – назм, сен навосан дилга ёқар,
Соғинтириб келдинг энди кетма, баҳор!
Бармоқларинг шохларга гул қадаб бўлди,
Ҳайратларим ҳаётимга мадад бўлди,
Ҳар баҳорда севиш – урф-у одат бўлди,
Томирдаги қоним яшил рангда оқар,
Соғинтириб келдинг энди кетма, баҳор!
Сен юртимнинг осмонига камалак бўл,
Сингилларим сочларига жамалак бўл,
Учиб-қўнган шойиқанот капалак бўл,
Афсус, у ҳам бир кунгина қанот қоқар,
Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!
Бошимиздан соч, сочавер найсонларинг,
Товонимиз қитиқласин майсаларинг,
Шу элдадир сени кутган инсонларинг,
Наврўзим, деб қош-у қабоғингдан ўпар,
Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!
Изҳор этсак, соғинчимиз жонлар қадар,
Майсаларинг чопиб чиқмиш томлар қадар,
Ёйил, эркам, кез Ўзбекистонлар қадар,
Бу ўлкада поёнингга етма, баҳор,
Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!
Ориф ТЎХТАШ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби.
ЎзА