Ерга боқсанг, ер сени боқади
Арнасой тумани Жиззах вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош бўлган чўл ҳудудларида жойлашган. Туман аҳоли сони жиҳатдан вилоятдаги энг кичик туманлардан бири, асосий драйвери қишлоқ хўжалиги ҳисобланади.
Кейинги 5 - 6 йил ичида мамлакатимизнинг деҳқончилик билан шуғулланадиган ҳудудларида сув тақчиллиги сезилиб, сувни тежаш технологияларидан фойдаланишга энди ўтишаётган бўлса, арнасойликлар сувнинг охирида, яъни сўнгги “қулоқ” бўлганлиги сабабли бир неча ўн йилдан буён сувдан тежаб-тергаб фойдаланиб, деҳқончилик ва чорвачилик ортидан яхшигина даромад қилишмоқда.
Арнасойликларнинг асосий даромад манбаи томорқачиликдан бўлгани туфайли туман аҳли бу ишнинг яхшигина ҳадисини олган. Туман маҳаллаларида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 28 гектар ерга сабзоват экинлари, 16 гектарга картошка, 7 гектарга полиз экинлари, 37 гектар ерга эса мевали дарахтлар ва токлар экилган бўлиб, улардан ҳар йили яхшигина даромад олинмоқда.
Аҳоли томорқалардан фойдаланишда асосий эътиборни иссиқхоналарга қаратган. Шу бугунги кунга келиб тумандаги 9 гектар майдондаги томорқаларда 516 та иссиқхона мавжуд. Бу иссиқхоналарга асосан қулупнай, помидор, бодринг, булғор қалампири, турли кўкатлар, лимон ва ҳатто банан каби маҳсулотлар ҳам экилиб, парвариш қилинаётир.
[gallery-20099]
– Бу жойлар қаровсиз, чиқиндихона бўлиб ётарди, – дейди “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Олимжон ака Шаминов. – Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчисига шу жой уйимнинг орқаси, уни тозалаб, ўзлаштириб, иссиқхона қурсам, банкдан кедит олишимга ёрдам қилсаларингиз, деган таклиф билан чиқдим. Уларнинг бевосита ёрдамида банкдан 33 миллион кредит олиб, ўтган 2023 йилнинг декабрь ойида 4 сотихли иссиқхонамизни қуриб битказдик. Яна қўшимча кредит олиб, жорий йилнинг январь ойида 4 минг 500 туп Кореянинг “Санянг” деган қулупнай навли кўчатларини Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан олиб келиб экдик. Ўғити ва суви томчилатиб суғориш технологияси асосида амалга оширилади. Қуёш барча қаторларга яхши тегиб туриши учун 4 қаватли қилиб, зина шаклида экилган.Қишда қадалган кўчатларимизнинг илк ҳосилини март ойида териб бошладик. Етилган қулупнай маҳсулотимизнинг биринчи ҳосили ҳар килограммини 200 минг сўмдан, охирини 50- 60 минг сўмдан сотдик.Мана, ҳозир яна гулга кириб, иккинчи ҳосилининг ҳам боши пишиб қолди. Бу қулупнай нави йилнинг 9-10 ойи давомида пишиб етилар экан. Қиш фаслида иссиқхонада ҳарорат + 14 даражадан паст бўлмаслиги лозим, шу мақсадда устасини чақириб, иситиш тизимини ўрнатяпмиз. Иситиш қозонимиз кўмир билан ишлайди. Қулупнайимиз табиий чангланиши учун Кореянинг махсус асалариси бўлар экан. Эрта баҳор бошида шундан 2 - 3 қутисини олиб келишга буюртма бердим.Иссиқхонамизнинг иккинчи ярмига жорий йилнинг март ойида булғор қалампири эккан эдик, шу кунгача ҳосил берди. Териб сотиб келдик. Энди эртага янги йил арафасида ва қиш мавсумида бозорларимизга, халқимизнинг дастурхонига чиқариш учун турли хил кўчатлар экмоқчимиз. Иссиқхонамизда оила аъзоларимизнинг 3 нафари доимий иш билан банд. Шунингдек, қулупнаймизни дорилаш, шохлаб кетган навдаларини ва ҳосил майдалашиб кетмаслиги учун гул ва мевасини ҳосилга кирган пайтидаёқ юлиб ташлаш керак экан. Бунинг учун қўшимча куч талаб этилади. Шунинг учун 5 - 10 нафаргача мавсумий ишчиларни ҳам жалб этиб турамиз. Булардан ташқари, 20 бошга яқин қўй, 5- 6 бош сут берадиган ва бўрдоқига боқиладиган қорамолимиз ва элликка яқин паррандамиз ҳам бор. Бу ишлар билан ҳам оиламизнинг 1 - 2 нафар аъзоси доимо банд бўлади. Банкдан кредит олишдан чўчимаслик керак. Имтиёзи борку, 3 йилгача фоизини, кейин кредитингизни тўлайсиз. Бу 3 йил ичида ва ундан кейин қанча даромад оласиз. Қутилганингиздан кейин бу сизга мулк бўлиб қолади. Пенсияда ҳам ишлайверасиз, пенсия қачон келади, деб йўл пойламайсиз. Давлатимиз раҳбари айтган Сайхунобод тажрибасини оилада жорий этиш керак. Менга моддий ёрдам бер, иш йўқ, деб ўтириш керак эмас. Ерга боқсанг, ерни ўзи сени боқади. Камбағалликдан чиқишнинг энг яхши йўли ўз еридан, томорқасидан унумли фойдаланишдир.
– “Янги Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинимизда мавжуд 780 хонадоннинг 1106 оиласида 4 мингдан ортиқ фуқаромиз истиқомат қилади, – дейди ушбу МФЙ раиси Эрмамат Ражабов. – Маҳалламизда ўзини- ўзи банд қилиш, эҳтиёжманд, кам таъминланган оила аъзоларининг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун 11 та иссиқхона барпо этганмиз. Президентимиз томонидан жорий этилган “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури ижроси доирасида маҳалламизнинг мана шу ҳудудидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи 30 оиланинг бандлигини таъминлаш мақсадида 20 сотихли 4 та иссиқхона қуриб берганмиз. Буларга бош қилиб, маҳаллий тадбиркоримиз Дилшоджон Холбековни бириктириб, ерини 30 оилага бўлиб берганмиз. У барча ишларга бош-қош. Бу иссиқхоналаримизда бодринг, помидор, булғор қалампири етиштирилиб, бозорларда сотдик. Бу ердаги ҳар бир оила йилига 15 - 20 миллион сўмдан доимий даромад қилиб келмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида туманимиз бўйича 302 гектар томорқа ер майдонига пиёз ва саримсоқпиёз экилган бўлса, шундан 40 гектарга яқини айнан мана шу Янги Бўстон маҳалласига тўғри келади. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш, бозорларимизда нарх-наволар сунъий равишда ошиб кетмаслиги, фуқароларимизни хавфсиз озиқ-овқат билан ва, қолаверса, элимизнинг янги йил дастурхонига янги узилган сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш ва бундан фуқароларимиз мўмайгина даромад қилишини таъминлашдир. Маҳалламизни ободонлаштириш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бугунга келиб маҳалламизда деярли асфальт бўлмаган кўча қолмади. Биргина жорий йилнинг ўзида салкам 3 километр ички йўлларимиз асфальт қопламаси билан қопланди. Маҳалла биномиз янгидан фойдаланишга топширилди. Халқимизнинг кайфияти яхши. Худо хоҳласа, яна 2 - 3 йилга қолмай нафақат маҳалламизда, туманимизда ҳам бирорта камбағал оила қолмаслигига эришамиз.
–Президентимизнинг банд бўлмаган аҳоли, асосан ёшларни иш билан таъминлаш, доимий даромад манбаини яратиш мақсадида берган кўрсатмасига асосан ёшларга ер ажратиб бериш борасида бизнинг туманимизда ҳам бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди, – дейди Арнасой тумани ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Отабек Сатторов. – 300 гектар майдон 350 нафар ёшга аукцион орқали олиб берилди. Бу ерларни ўзлаштиришдан аввал туман фермер хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари кенгаши билан ҳамкорликда ёш деҳқонлар ўқув-семинарлари ташкил этилиб, уларга ердан қандай фойдаланиш, экинлар парвариши ва умуман деҳқончиликнинг сир-асрорлари амалий жиҳатдан ўргатилди. Бўлиб берилган ана шу ерларга эрта баҳорда экин экиб, парвариш қилган ёшларимиз шу бугунги кунгача ҳар бири 30 – 35 миллион сўмгача даромад олди. Эътиборлиси, улар томонидан етиштирилган маҳсулотлар нафақат ички бозорда сотилди, балки экспорт ҳам қилинганини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Жорий йилнинг сентябрь ойида “Агробанк” АТБ Арнасой филиали ташаббуси билан “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғинида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 20 нафар ёшга берилган 10 гектар майдонда тажриба асосида брокколи карам экилган эди. Иқлим шароитидан келиб чиқиб, катта ёшдаги миришкор деҳқонлар ёрдамида ёшларнинг ерга бўлган меҳри ва залворли меҳнати эвазига экилган карам кўчатлари ҳосилга кириш арафасида. Арнасой туманида илк маротаба 10 гектар майдонда етиштирилаётган ушбу брокколи карам маҳсулотларини нафақат Ўзбекистон, балки Россия ва Европа мамлакатларига ҳам экспорт қилишни кенг йўлга қўйиш режалаштирилган. Туман ҳокими Одил Мусанов бошчилигида аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш, келгусида бу каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.Шунингдек, хориж инвестициясини жалб қилган ҳолда Хитой давлати билан ҳамкорликда қоп ишлаб чиқариш заводи барпо этилмоқда.
Завод фаолиятини бошлагач 200 нафар ёш доимий, даромадли иш ўрнига эга бўлади. Иккинчи катта лойиҳамиз бўйича Хитой билан ҳамкорликда Айдар – Арнасой кўллари бўйида туризм ва экотуризмни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганмиз. Ушбу лойиҳа ҳам қисқа фурсатларда амалга оширилиши режалаштирган. Арнасойнинг асосий драйвери қишлоқ хўжалиги ҳисобланади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш учун янги ерларни ўзлаштириб, вақтинча банд бўлмаган аҳолига, айниқса, ёшларимизга ажратиб бериш, даромад манбаини яратиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш орқалигина эзгу мақсадимизга эришишимизга ишончим комил.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VjCT0riS7Z8?si=2s7Lx07ckKdG-5XZ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари