Эрдўғон Туркиянинг мақсадини маълум қилди
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таъкидлашича, ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган иқтисодиёт бўйича самарали чоралар мамлакатни муаммолар гирдобидан қутқарди, унинг таъкидлашича, Анқаранинг мақсади дунёдаги иқтисодиёти энг ривожланган мамлакатлари ўнталигига кириш.
"Биз иқтисодиётда босиб ўтган йўлимиз ва ишлаб чиққан воситаларимиз билан мамлакатимизни муаммолар гирдобидан қутқариб олдик. Мамлакатимиз ҳимояланмаган механизм ва беқарорлик ғилдираги остида қолган эди. Бизнинг йўлимиз – бу инвестиция, бандлик, маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт ва ўсиш. Мақсадимиз жаҳон иқтисодиётининг топ ўнталигига кириш", - деди Туркия етакчиси, мамлакатнинг илмий-техника тадқиқотлари бўйича Кенгаши (TÜBİTAK) ва Туркия фанлар Академиясида (TÜBA) бўлиб ўтган илм-фан бўйича мукофотларни топшириш маросимида сўзга чиқиб.
Сўнгги йилларда Туркиянинг молия тизими лира курсининг тушиб кетиши туфайли муаммоларни бошидан кечирмоқда. Туркия Марказий банки ҳисоб ставкасини қаторасига бир неча бор туширгандан кейин лира кескин арзонлашиб кетди. 20 декабрда доллар рекорд даражада қимматлашиб, 18,4 лирага чиқиб кетди, холбуки, у йил бошида 7,4 лира эди.
Эрдўғоннинг Туркия лираси курсининг тушишига қарши янги чоралар кўрилаётгани ҳақидаги баёнотидан кейин миллий валюта яна қимматлаша бошлади, натижада Туркия валютаси ўтган ҳафтада бой берган позициясини яна қайтариб олди. Сешанба куни Туркияда доллар 11,8 лира атрофида сотилмоқда.