Эрдоған Косово Президенти билан учрашди
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, “Бирга ривожланамиз: Масъулият, ҳаракат ва қарорлар” мавзусида 8-9 декабрда уюштирилган “ТРТ 2023” Жаҳон форумида нутқ сўзлаганидан сўнг Косово Президенти Вьоса Османи-Садриу билан учрашди. Бу ҳақда “Анадолу” ахборот агентлиги хабар берди.
Эрдоған халқаро ҳамжамият Исроилнинг уруш жинояти учун жавобгарликка тортилишини таъминлаш учун биргаликда ҳаракат қилиши кераклигини, Туркия минтақада доимий ўт очишни тўхтатиш, Ғазога инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун саъй-ҳаракатни давом эттираётганини айтди.
Туркия Президенти маъмурияти Алоқа бошқармаси мазкур учрашув ҳақида баёнот бериб, Президентлар Туркия-Косово муносабати, минтақавий ва глобал муаммолар билан бир қаторда Исроилнинг Фаластинга ҳужуми билан боғлиқ сўнгги ўзгаришларни муҳокама қилганини тасдиқлади.
Эрдоған Туркия Косовонинг тан олинишини қўллаб-қувватлашда давом этишини, Болқон минтақасида тинчлик ва барқарорликка мулоқот орқали эришилишини таъкидлади.
Учрашув матбуотга ёпиқ тарзда ўтказилган.