Ердан мақсадли фойдаланишда масъулият талаб этилади
Ер майдонларидан самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланиш, уни асраб-авайлаш ҳамда ер қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиш нафақат давлат органлари, балки ҳар бир фуқаро ва тадбиркорнинг зиммасидаги масъулият ҳисобланади.
Бугунги кунда ер ресурсларидан қонуний ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, ер участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, аҳоли ўртасида ер қонунчилигига оид ҳуқуқий билим ва тушунчаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлар мутахассислари томонидан жойларда мунтазам равишда профилактик ва тарғибот-тушунтириш тадбирлари ўтказилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ер муносабатлари соҳасида профилактик ишларни самарали ташкил этиш ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейинги чора кўриш билан чекланиб қолмасдан, аввало, унинг олдини олишга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан ҳудудларда ташкил этилаётган учрашув ва мулоқотларда фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ер участкаларидан фойдаланиш тартиби, ердан мақсадли фойдаланишнинг аҳамияти, мавжуд ҳуқуқларни қонуний расмийлаштириш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври давомида инспекторлар томонидан олиб борилган ер назорати тадбирлари натижасида 2 минг 878 та ҳолатда 106,2 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида 2 минг 115 та қонунбузилиш ҳолати ихтиёрий равишда бартараф этилди, 379 та ҳолат суд органларига юборилди, 93 та ҳолат бўйича ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.
Фуқароларга ҳар қандай қурилиш ёки ердан фойдаланиш ишларини бошлашдан аввал амалдаги қонунчилик талабларини ўрганиш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва белгиланган тартибларга амал қилиш муҳимлиги тушунтирилмоқда. Шу боис, ҳудудларда ўтказилаётган профилактик тадбирларда мутахассислар томонидан фуқароларнинг саволларига жавоблар берилиб, ердан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан таклиф ва тавсиялар берилмоқда.

Зеро, ерни асраш, ундан оқилона ва қонуний фойдаланиш бу нафақат бугунги кун талаби, балки келажак олдидаги улкан масъулиятдир.
Ботиржон Мирзаҳмедов,
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
ЎзА