Ердан фойдаланишда ҳар бир кун ғанимат
Чуст Наманган вилоятининг енгил саноат, тоғ-кон саноати, боғдорчилик, туризм, миллий ҳунармандчилик соҳаларида истиқболли салоҳиятга эга туманларидан бири ҳисобланади.
Чуст Наманган вилоятининг енгил саноат, тоғ-кон саноати, боғдорчилик, туризм, миллий ҳунармандчилик соҳаларида истиқболли салоҳиятга эга туманларидан бири ҳисобланади.
Пандемия карантини шароитида аҳолининг ижтимоий-маиший шарт-шароити, тадбиркорлик субъектлари ва фермерлар фаолияти барқарорлигини таъминлаш мақсадида жойларда бугунги ҳолатни ўрганиб юрган вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳи Чуст туманида бўлиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш жараёнлари билан танишди.
Ишчи гуруҳи дастлаб тумандаги Зарафшон массивида Factory cement масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилаётган цемент заводида бўлди. Қиймати 20 миллион долларга тенг лойиҳа асосида барпо этилаётган ушбу корхонада йилига 300 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати ва 200 та иш ўрни яратилади.
Хитойнинг замонавий технологиялари билан жиҳозланадиган янги заводни шу йилни якунига қадар ишга тушириш мақсадида қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, корхонада ойна, бўёқ ва травертин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, вилоят раҳбари лойиҳа ташаббускорлари билан мулоқотда бу ерда кичик саноат зонасини барпо этиш таклифини маъқуллади ва бу борада мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Тумандаги «Наманган» эркин иқтисодий зонасида “Eсo Bacalt” масъулияти чекланган жамияти томонидан базальт тош асосида минерал пахтаси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Нидерландия билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳага 110 миллион доллар, жумладан 44 миллион доллар хорижий банклар кредити ҳамда 66 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилади.
250 киши иш билан таъминланиши кўзда тутилган лойиҳа 2021 йилнинг учинчи чорагида ишга туширилади ва “Eсo Bacalt” Ўзбекистонда шу йўналишдаги энг йирик корхонага айланади. Корхонада йилига ишлаб чиқариладиган 50 минг тонна маҳсулотнинг тенг ярмини экспорт қилинади.
«Наманган» эркин иқтисодий зонасида барпо этилаётган яна бир йирик ишлаб чиқариш субъекти – “Tai Chang Special Steel” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида металл прокатлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа умумий қиймати 50 миллион долларга тенг лойиҳага 15 миллион доллар ташаббускор-тадбиркорлар сармояси, 5 миллион доллар банк кредити ва 30 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция сарфланади.
Айни пайтда маҳаллий ёшлардан 100 нафари иш билан таъминланган лойиҳанинг биринчи босқичини жорий йил учинчи чорагида ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, келгусида жами 800 та иш ўрни очилади.
Ишчи гуруҳи қишлоқ хўжалигидаги ишларнинг бугунги ҳолати, ғўза парвариши билан боғлиқ долзарб вазифалар ижросини «Носиржон Салимович» ва «Чавандоз бургут полвон», «Намозали Муштарий» ва «Варзик Чамандоз» каби фермер хўжаликлари томонидан олиб борилаётган ишлар мисолида ўрганди. Вилоят ҳокими далаларни кўздан кечириб, фермерлар ишини танқид қилди.
–Вилоят ишчи гуруҳи аъзоларининг айнан шу далалардаги пахта ривожидан кўнгли тўлмагани бежиз эмас экан, – деди Х.Бозоров. – Далага қаров талаб даражасида эмас, агротехника тадбирлари вақтида ва сифатли ўтказилмаган, фермерларда жонкуярлик ва куюнчаклик етишмайди. Бир пайтлар ғўза бу ерларда кўрса ҳавас қиладиган даражада етилар эди. Ҳозирги ҳолатини эса яхши деб бўлмайди.
Вилоят ҳокими шу жойнинг ўзида туман секторлари раҳбарларига ҳосил тақдирини ҳал этадиган бир ой давомида ғўза ривожи учун барча имкониятларни ишга солиш, миришкор деҳқонлар ва дала илми ҳадисини олган фахрийлар тажрибасига таяниш юзасидан тавсиялар берди.
Х. Бозоров туманда эски ва самарасиз экин майдонлари ўрнида янги интенсив боғ-токзорлар ташкил этиш лойиҳалари билан танишди. Умумий қиймати 33,7 миллиард сўмга тенг лойиҳаларга кўра, туманда 2020 йил куз мавсумида 612 гектар майдонда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш лозим. Жумладан, 312 гектар ерда асосан ёнғоқзор боғлар, 300 гектар майдонда эса хўраки, кишмишбоп ва саноатбоп токзорлар барпо этиш кўзда тутилган. Бироқ, куз яқинлашиб қолганига қарамасдан бу борадаги ишлар ҳали амалга кўчмаётганлиги вилоят раҳбарининг жиддий эътирозига сабаб бўлди:
–Аслида эски ва самарасиз экин майдонлари ўрнида янги интенсив боғ-токзорлар ташкил бўйича йилнинг бошида топшириқ берилган эди. Ҳозиргача бу тадбирлар лойиҳадан нарига ўтмаган. Ваҳоланки, кузгача экин майдонлари тайёр бўлиши ва ишлар аллақачон бошланиши керак эди, дея масъулларнинг сусткашликларига кескин танқидий баҳо берди, вилоят ҳокими.