Ер усти метросининг қандай қулайликлари бор?
Кечагина кўрганда кўнгилни ғашлантирадиган манзиллар обод гўшаларга айланаётгани кишини қувонтиради. Айнан Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги тантаналари олдидан Тошкент метрополитенида беқиёс даражадаги янгилик юз берди. Илк марта ерусти метроси ҳаракатга тушди.
Бу янгилик Марказий Осиё мамлакатлари орасида илк бора Ўзбекистонда амалга оширилди.
Айнан ерусти метросидаги эстакадаларнинг ташқи тузилишидан тортиб, бекатларнинг ташқи ва ички кўринишларида ҳам миллийлигимиз акс этганлигини қувонч билан айтиш мумкин.
«Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналиши узунлиги 11,5 километр. Бу линиядаги ҳар бир бекат миллий меъморий услубларимизга риоя қилинган ҳолда безалган, на кўриниши ва на безаклари билан бир-бирини сира такрорламайди.
Ерусти метросининг қандай қулайликлари бор? Аввало ортиқча сарф-харажатларга ҳожат қолмайди, аҳолининг қимматли вақти тежалишига сабаб бўлади, тирбандликнинг олди олинади.
Таъкидлаш керакки, ерусти метросида хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Йўналишдаги кўрсаткичлар ва поезд ичидаги таблолар уч тильда берилган. Бу кўп миллатли мамлакатимиз аҳолиси ва чет эллик сайёҳларга ҳам қулайлик туғдиради ҳамда халқаро талабларга мос келади. Поезд ҳаракатланаётганда кишига ёқмайдиган шовқин эшитилмайди. Эшиклар очилиши ва ёпилиши чоғида қизил ва яшил рангли махсус чироқ белги бериб, йўловчиларни огоҳликка чақириб туради.
Ерусти метросининг муҳташамлигига путур етказмаслик ҳамиша фуқароларимизнинг диққат-эътиборида бўлиши керак. Чунки бундай йирик лойиҳа фақат бугунга эмас, келажак авлодларга ҳам хизмат қилиши зарур. Қолаверса, фуқароларимиз ва хорижлик сайёҳларнинг тинчлиги, осойишталигини асраш бизнинг бурчимиздир.
Ўз танлаган касбимизга содиқ, она Ўзбекистонимизнинг чинакам қўриқчиси сифатида масъулият билан виждонан хизмат қилиш вазифамиздир.
Бекзодбек Исломбеков
Тошкент метрополитени хавфсизликни
таъминлаш бошқармаси ходими, капитан