Ер сайёрасида магнит бўрони бошланди
Душанба куни эрталаб Ер сайёрасида ўртача G2 даражада магнит бўрони бошланди, деб хабар тарқатди Россия фанлар академиясининг Қуёш физикаси институти рентгенли астрономия лабораторияси сайти.
"Ернинг магнитли сферасида ҳозир магнит бўрони бошланган (паст даражада G2)", – дейилади сайт тарқатган хабарда.
Бўрон якшанба куни Қуёшда кучсиз чақнаш юз бергандан бир кун ўтиб бошланган.
Магнит бўронлари классификацияси бўйича жами беш даражага бўлинади, яъни G1 дан G5 гача. Олимларнинг таъкидлашича, кучсиз бўрон электрэнергияси тизимида баъзи узилишларни келтириб чиқариши мумкин, шунингдек, қушлар ва ҳайвонларнинг миграция йўлига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Янада кучлироқ магнит бўронлари қисқа тўлқинли алоқаларни ҳамда навигация тизими фаолиятини ишдан чиқаради. Қолаверса, у саноат тармоқларида электр таъминотига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари, одатда магнит бўронига сабаб бўлувчи қуёш фаоллигининг ортиши натижасида қутб ёғдуси жанубий кенгликларда кўпроқ кўринадиган бўлади.