Ер ресурслари рақамли назорат остига ўтмоқда
Ўзбекистонда ер муносабатларини ислоҳ қилиш, ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда мазкур соҳада очиқликни таъминлаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва ер ажратиш жараёнларини шаффофлаштиришга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2026 йил 24 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ердан фойдаланишдаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш, улардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш, кадастр маълумотларининг ишончлилигини ошириш ҳамда замонавий назорат механизмларини жорий этиш орқали соҳани янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.
Фармонда ер участкаларини электрон аукцион орқали ажратиш, космик мониторинг тизимини кенгайтириш, рақамли агрохариталарни яратиш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш каби қатор муҳим вазифалар белгиланган. Бу эса ер ресурсларини бошқаришда шаффофлик, адолат ва самарадорликни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур фармон нафақат ер ажратиш тартибини такомиллаштириш, балки кадастр тизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришнинг янги тизими тўлиқ жорий этилади. Эндиликда ерлар фақат электрон онлайн аукцион савдолари орқали ажратилади.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу тартиб инсон омилини камайтириш, коррупциявий хавфларнинг олдини олиш ҳамда ер тақсимотида тенг ва адолатли шароит яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, ер ресурсларидан фойдаланишда очиқлик ва рақобат муҳити кучаяди.
Фармон билан аукционга чиқариладиган ҳар бир ер участкаси бўйича батафсил кадастр маълумотларини шакллантириш талаби белгиланди. Жумладан, ер тузиш ҳужжатлари, норматив қиймати, тупроқ бонитети, тупроқ таркиби, сув билан таъминланганлик даражаси ва бошқа муҳим кўрсаткичлар олдиндан тайёрланиши лозим бўлади.
Бу эса аукцион иштирокчиларига ернинг ҳақиқий ҳолати ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Натижада ер майдонларини танлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича асосли қарорлар қабул қилинади.
Фармоннинг 10-бандига мувофиқ, Кадастр агентлигига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда 2022-2023 йилларда электрон танлов орқали ажратилган ер участкалари юзасидан маълумотларни шакллантириш ва уларни Солиқ қўмитасига тақдим этиш вазифаси юклатилди.
Мазкур топшириқ ер муносабатлари соҳасидаги маълумотлар базасини янада такомиллаштириш, ерлардан фойдаланиш ҳолатини таҳлил қилиш ва назорат механизмларини кучайтиришга хизмат қилади.
Фармон билан ер назорати тизимида ҳам муҳим янгиликлар назарда тутилган. Хусусан, йирик инвестиция лойиҳалари учун ажратилган ерлар ҳамда иккиламчи ижара асосида фойдаланилаётган майдонлар космик мониторинг орқали мунтазам кузатиб борилади.
Сунъий йўлдош тасвирлари асосида амалга ошириладиган мониторинг ерларнинг мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, ноқонуний эгаллаш ёки фойдаланмаслик ҳолатларини тезкор аниқлаш имконини беради. Бу эса ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашда муҳим омил бўлади.
Фармонда ерлардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашнинг KPI тизимини жорий этиш, рақамли агрохариталар яратиш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган.
Бу орқали ерларнинг ҳосилдорлик салоҳияти, сув таъминоти, экинлар ҳолати ва бошқа кўрсаткичларни таҳлил қилиш имкониятлари кенгаяди.
Натижада кадастр маълумотларининг аниқлиги ортиб, ер ресурсларини бошқариш сифати янги босқичга кўтарилади.
Фармон билан ер участкаларининг бозор қийматини аниқлаш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган. Бу эса кўчмас мулк бозори ва ер ресурсларини баҳолаш тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиришга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ерларнинг реал бозор қийматини аниқлаш инвестициявий жозибадорликни ошириш, мулк ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, ушбу фармон ер муносабатларини рақамлаштириш, кадастр маълумотларининг ишончлилигини ошириш, ерларни очиқ ва шаффоф механизмлар асосида тақсимлаш ҳамда замонавий мониторинг тизимларини жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжат натижасида кадастр тизимининг рақамли трансформацияси жадаллашиб, ер ресурсларини бошқаришда шаффофлик, аниқлик ва самарадорликни таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги ривожи, инвестицияларни жалб этиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА