Ер майдони 30 йилга ижарага берилмоқда
Мамлакатимизда ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 30 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилинди.
Тошкент вилоятида ҳам бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишдир. Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятда паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган ерлардан аҳолига ўтган 2022 йилда 7 минг 458 минг гектар ер майдони ажратилиб берилди. Натижада 32,3 мингта иш ўрни яратилди. Жорий йилда ҳам 9 минг 88 гектар экин майдонлари учун 48 мингга яқин фуқаролардан аризалар қабул қилинди. Шу кунга қадар 6 минг 145 гектардан зиёд майдон “э-аукцион” дастури орқали 18 минг нафардан ортиқ фуқаролар томонидан очиқ танловда ютиб олинди.
Эндиликда танловларда ғолиб бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилган оилалар, расмий ишсизлар ҳамда алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар бу ерларда деҳқон хўжалиги юритиш имконига эга бўлди. Эътиборлиси, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот”, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳудудларда тупроқ иқлим шароити, фуқароларнинг деҳқончилик маданиятидан, шунингдек, ички истеъмол бозорларида аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик экинлари экилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, 22 минг 464 та лотларга 3 минг 139 гектарга сабзавот, 605 гектарга картошка, 340 гектарига полиз, 369 гектарига мойли экинлар, 670 гектарига дуккакли экинлар ва 3965 гектарига эса бошқа турдаги экинларни етиштириш амалга оширилмоқда. Мисол учун Бекобод туманининг “Маллавой” МФЙ ҳудудида 45 нафар фуқарога ажратилган 9 гектар майдондан эртапишар бақлажон экинларидан ҳар бир фуқаро 18-25 миллион сўмдан даромадга эришди.
Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратиб берилаётган ер майдонлари, экин туридан келиб чиқиб, уруғлик, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар етказиб бериш учун кластерлар, кооперациялар, “Томорқа хизмати” МЧЖлар ҳамда йирик экспортёр корхоналарга бириктириб берилган.
А.Мусаев, ЎзА.