Эпизоотик вазият доимо назоратда бўлиши керак
Кўча-куйда, жамоат транспортида уй ҳайвонларини олиб юраётганларни учратиш одатий ҳолга айланган.
Бир қарашда бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқдек. Аммо, ўша ҳайвоннинг бехосдан атрофидаги одамларга жароҳат етказмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бутун дунёда ҳали-ҳануз давоси топилмаган қутуриш касаллиги айнан уй ҳайвонлари орқали инсонларга юқаётгани инобатга олинганида, бунга эътиборсиз бўлишнинг оқибатлари аянчли тугаши мумкин.
Қутуриш – ўта хавфли ўткир ўтувчи вирус касаллиги бўлиб, асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади ва оқибати албатта ўлим билан якунланади. Одам, ҳамма турдаги сут эмизувчи иссиқ қонли ҳайвонлар бу касаллик билан касалланади. Касалликни филтирланувчи нейротроп вирус келтириб чиқаради. Вирус касал ҳайвоннинг бош миясида кўпаяди ва сўлаги орқали ташқи муҳитга чиқади.
Ушбу касаллик дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларида қайд қилиниб, ундан Осиё, Африка ва Лотин Америкасида хар йили 66 мингдан зиёд, фақат Ҳиндистонда 30 минг одам ўлади. Демак, дунёда ҳар куни 180 киши, 8 дақиқада 1 киши қутуриш туфайли оламдан ўтади. Ер юзида 1 миллион бошга яқин ҳар турли ҳайвонлар ўлиши кузатилади. Одамларнинг 96 фоизи итлар орқали касалланади.
Дунёнинг 25 та давлатида турли ҳайвон (ит, мушук, норка)ларда COVID-19 нинг қўзғатувчилари кузатилган.
Таъкидлаш лозимки, республикамиз худудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари, хусусан куйдирги касаллиги бўйича соғлом эпизоотик вазият сақланмоқда. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, мамлакатимизда эпизоотияга қарши тадбирларни ўтказиш учун 1 минг 200 та ишчи гуруҳ тузилиб, унга 5 мингта мутахассис ва ходимлар бириктирилган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикада мавжуд 35 миллион бош чорва молларида куйдирги, оқсил, нодуляр дерматит, қорасон, брадзот, чечак, бруцеллёз ва бошқа юқумли касалликларига қарши эмланди ҳамда 10 миллион бошдан зиёд чорва моллари туберкулёз ва бруцеллёз диагностик текшириш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 20,6 миллион бош йирик ва 25 миллион бош майда шохли моллар эктопаразитларга қарши чўмилтирилди. 67 мингдан зиёд ит қутуриш касаллигига қарши эмланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, эмлаш жараёни йилда бир марта, февраль-март ойида жойлардаги ветеринария ходимлари томонидан бепул амалга оширилади.
Халқаро грант маблағлар ҳисобига, республика бюджет маблағларидан харид қилинаётган ветеринария препаратларини белгиланган ҳароратда ташиш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида ҳудудий тузилмалар 14 дона махсус совутгичли автотранспорт билан таъминланди.Чорва моллари ва улар сақланадиган жойлардаги эктопаразитларга қарши дезинфекция ва дезинфекция тадбирларини ўтказиш самарасини ошириш мақсадида ҳудудий тузилмаларга 14 дона дезинфекцияловчи махсус автотранспортлар етказиб берилган.
Ҳайвонларда учрайдиган хавфли касалликларга диагноз клиник белгиларга, эпизоотологик маълумотларга ва албатта лабораториявий текшириш натижалари асосида қўйилади.
Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази директори Баҳриддин Тангяриковнинг таъкидлашича, мамлакатимизда ветеринария хизматини тубдан ислоҳ қилиш, соҳани янги босқичга олиб чиқишга оид кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича Давлат илмий марказида сертификатлаштириш органи ташкил этилиб, мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш йўлга қўйилди.
Чегара ва транспортдаги ветеринария пунктлари 8 турдаги 128 дона ахборот коммуникация воситалари ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қўлланиладиган лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Лабараторияга автотранспортда келтирилган ҳолларда ўлган ҳайвон гавдалари микроскопик текширишлар натижасига кўра, хавфли касаллиги истисно қилингандан сўнг, улар утилизацияга жўнатилади ёки йўқ қилинади.
Ҳайвонларни сўйишдан олдин ёки сўйишдан кейин юқумли касалликлар — (куйдирги, манқа, туберкулёз, қутуриш, КУ-иситмаси, орнитоз, мелиодоз, лейкоз, туляремия, туялар ўлати, листериоз, лептоспироз, оқсил, бруцеллез, сальмонеллёз, цистицеркоз (финноз), трихинеллез, қорамолларнинг спонгисимон энцефалопатия ва қўйларнинг скреписи) билан касалланганлиги аниқланса ёки гумон қилинса корхонанинг ветеринария хизмати томонидан зудлик билан ушбу корхона жойлашган туман ветеринария бўлимига бу ҳақда хабар берилади.
Мутахасис фикрига кўра, марказ бевосита ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ҳамда деҳқон бозорларида ташкил этилган ветеринария-санитария экспертиза (ВСЭ) лабораториялари орқали бозорларда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган нормаларга мувофиқлигини текшириши ва ижобий хулосага эга бўлган товарлар сотилишига ҳам рухсат бериши керак.
Маълумки, бугунги кунда бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади. Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир.
Аҳоли истеъмоли учун етиштирилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлашда деҳқон бозорлари ва савдо расталарига келтирилган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари бўйича текшириш ишларининг самарасини янада ошириш мақсадида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари замонавий тезкор усулда текширадиган жиҳозлар билан таъминланди. Текширув натижаларига кўра, истеъмолга яроқсиз деб топилган сифатсиз маҳсулотлар белгиланган тартибда зарарсизлантирилмоқда.
Худудларда ободонлаштириш бўлимларида фаолият юритаётган махсус ит ушлаш бригадалари ходимлари томонидан доимий равишда қутуриш бўйича носоғлом пунктларда ушбу касалликни тарқатувчи дайди ит ва мушукларни йўқотиш тадбирлари амалга оширилиб борилади. Эгалик итларни ва мушукларни ушбу ҳудудга хизмат қилаётган ветеринария мутахассислари маҳалла фуқаролар йиғини, маҳалла қўмиталари ва ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда албатта рўйхатдан ўтказиш ҳамда қутуришга қарши вакцинация қилиш тадбирларини ўтказиш талаб этилади.
Аҳоли яшаш жойларида ит, мушук ва бошқа ҳайвонларни сақлаш қоидаларига қаттиқ риоя қилиниши лозим. Хўжалик, корхоналардаги фойдали ва эгали итлар, шунингдек, ов итлари ҳам кўчада, истироҳат боғларида, бозор ва оромгоҳларда тумшуқбоғсиз ва ип билан боғланмаган ҳолда эгасиз юрса, дайди ҳисобланиб ушланиши ва ветеринария мутахассиси назоратида бўлиши зарур. Бошқа вилоят ва туманларга ит сотиш ва олишда, уларни ташишда албатта унинг соғлиги ва қутуриш касаллигига қарши эмланганлиги тўғрисида маълумот ветеринария гувоҳномада қайд этилган бўлиши керак.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА