Энтони Фаучи: “Ваҳимага тушманг!“
Америкалик шифокор ва иммунолог Э.Фаучи 1940 йилда туғилган. 1984 йилдан буён узлуксиз равишда Аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти директори сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси масъулларининг фикрича, бугунги кунда мутахассис-вирусологлар томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва ушбу касалликдан зарарланган беморларни даволаш бўйича дунё бўйлаб кенг кўламда фойдаланилаётган кўплаб тавсиялари орасида Энтони Фаучининг баҳолари ва маслаҳатлари АҚШдаги энг ваколатли ва ишончга сазовор манба сифатида эътироф этилмоқда. Маълумки, Энтони Фаучи айни даврда Президент Дональд Трампнинг “COVID-19”га қарши кураш масалалари бўйича Бош консультанти ҳисобланади.
Америкалик шифокор ва иммунолог Э.Фаучи 1940 йилда туғилган. 1984 йилдан буён узлуксиз равишда Аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти директори сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жорий йил январдан буён Оқ уйда коронавирусга қарши кураш масалалари бўйича тезкор штаби такрибига киритилган.
Д.Трамп Э.Фаучи юқумли касалликлар тарқалишига қарши давлат сиёсати соҳасида маслаҳатчилик қилаётган олтинчи президентдир. Шифокор сил, малярия, шунингдек кейинги ўн йилликда пайдо бўлган Эбола, Зика сингари касалликлар профилактикаси, ташхиси бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар соҳасидаги кенг кўламли илмий ишланмалар мажмуини бошқариб боради. Мазкур тузилманинг 2020 йилга мўлжалланган бюджети 5,9 миллиард долларни ташкил этади.
Мамлакатимизнинг АҚШдаги дипломатик миссияси ахборотига кўра, Э.Фаучининг сўнгги чиқишлари таҳлили натижасида қуйидаги асосий хулосаларни келтириш мумкин:
1. Ўзингизни ўзингиз даволаманг! Тўғри, ҳозирча коронавирусни даволашнинг ҳеч қандай тасдиқланган усули ёхуд бир ёки бир неча препарат билан даволашнинг клиник баёни, жумладан малярия ва бошқа касалликларга қарши дори воситалари мавжуд эмас. Шунга қарамасдан, коронавирусни ўзбошимчалик билан даволашга уриниш ҳаёт учун ўта хавфли. Бундан ташқари, коронавирусни даволашнинг тасдиқланмаган усуллари туфайли келиб чиқадиган салбий оқибатлар ва асоратлар эҳтимолий нафдан кўра анча хатарли. Қолаверса, бу муайян дори воситаларига жуда муҳтож бўлган беморлар учун айнан шундай препаратлар танқислигини юзага келтириши мумкин.
2. Ижтимоий масофаланиш талабларини бузманг! Коронавирусни ВИЧ/СПИД, Эбола, Зика каби бошқа хавфли вирусли касалликлардан ажратиб турадиган жиҳат шуки, мазкур вирус ҳаво-нафас йўллари, бевосита алоқа(қўл бериб сўрашиш, эшик тутқичини ушлаш, пулга тегиниш ва ҳоказо), оддий одамлар кундалик турмушда фойдаланадиган умумий буюмлар орқали жуда осон юқади.
3. Турли ахборот манбаларига ишонманг! Кўрсатмалар, тавсиялар ва ахборотнинг ягона ва ишончли манбаси, ўз навбатида ЖССТ билан ҳамкорликда иш олиб борадиган ҳар бир мамлакат ҳукуматидир. Ўз ҳукуматингиз қўйган талабларни сўзсиз бажаринг!
4. Кексаларни хатарга қўйманг! Кўплаб вируслардан фарқли ўлароқ, коронавирус зарарланган кишиларнинг ёшидан келиб чиқиб, турлича намоён бўлади. Кучсиз иммун тизими, танасида бошқа сурункали ва ўткир хасталиклар мавжудлиги боис, қариялар вирусларга нисбатан чидамсиз бўлишади.
5. Ёшларнинг ижтимоий масъуллиги жуда муҳимлигини унутманг! Гарчи, ёши катталарда кузатиладиган ўлим ҳолати фоиз нисбатида юқорироқ бўлса-да, ёш беморлар организми, ҳатто ўзлари билмаган ҳолда коронавирусни фаол тарқатувчи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Кўпинча кексалар ёшлар томонидан карантин ва превентив чораларга масъулиятсизлик билан ёндашувнинг қурбонига айланишади. Шундай муносабат натижасида навқирон одамларнинг ўзлари ҳам жонлантириш (реанимация) бўлимларига ётқизилиши ҳолатлари кам эмас.
6. Қайта касалланмайман, деб ўйламанг! Одатда инсон танасидаги иммунитет муайян инфекция ёки вирусни таниб қолади, бу айни зараркунандага қайта йўлиқиш эҳтимолини кучайтиради. Қолаверса, ҳозирги пайтда коронавирусдан даволаниб чиққан одам ушбу вирусни қайта юқтириб олмаслигига қатъий кафолат йўқ.
7. Шаҳарга, кишилар кўп тўпланадиган жойларга чиқманг! Ҳар қандай вазиятда одамлар орасидаги масофа икки метрдан кам бўлмаслигига риоя қилиш шарт. Нью-Йорк шаҳри мисолида аҳолиси ўта зич яшайдиган бундай улкан мегаполислар касалликка қарши қай даражада чидамсиз эканлиги яққол намоён бўлди.
8. Ваҳимага тушманг! Вирус, асосан, касалликни юқтириб олган бемор йўталганда, аксирганда ажралиб чиқадиган ҳаво-томчи ёки аэрозол бўлакчалари орқали тарқалади. Одатда, киши аксирганда оғзини қўли билан ёпади. Кейин шу қўли орқали бошқалар билан сўрашиши, эшик тутқичи сингари ҳамма фойдаланадиган буюмларни ушлаши тайин. Соғлом одам эса бемор билан кўришган, бемор тегинган буюмни ушлаган ўша қўлини ўзининг юз қисмига, оғзига теккизиб, ўша жойни ва табиийки, танасини ҳам заҳарлаши мумкин. Албатта, ҳамма нарсадан қўрқавериш ҳам ноўрин. Масалан, почта орқали жўнатилган бандероллар, турли қадоқланган маҳсулотлар катта хавф туғдирмайди, чунки вирус бундай юзаларда кўп вақт сақланмайди.
9. Вирус тезда ўтиб кетади, деб ўйламанг! Пандемиянинг тўхташ муддатлари ҳозирча маълум эмас. ХХР ва Жанубий Кореяга касаллик юқтириш ҳолатларини камайтириш учун 8 ҳафта лозим бўлди. Европа ва АҚШда эса зарарланганлар сони борган сари ортяпти. Вирус юқиши кўламини барқарорлаштириш ва беморлар сони ўсишини тўхтатиш учун бир неча ой талаб этилиши мумкин. Бинобарин, кузда ёки қишда коронавирус яна бир бор ўзини эслатиши эҳтимоли йўқ эмас, бироқ ўша вақтгача мазкур вирусни даволашнинг самарали усуллари пайдо бўлса керак.
10. Хусусий бизнес вакиллари, сиз четда турманг! Фақат ҳукуматнинг қатъий саъй-ҳаракатлари ва тадбиркорлик ресурсларини бирлаштириш орқалигина коронавирусни енгиш мумкин. Ҳозир АҚШда хусусий бизнес тиббий ускуна ва маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи асосий манба, давлат эса коронавирус тарқалишига қарши курашда бош мувофиқлаштирувчи кучдир.