Енгил саноат корхоналарининг молиявий барқарорлиги мустаҳкамланади
Президент қарори енгил саноат корхоналарига молиявий енгилликлар ва экспорт имкониятларини кенгайтиради. Бу, тармоқнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Президентнинг “Енгил саноат корхоналарининг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли қарори қабул қилинди. 2026 йил 26 ноябрда қабул қилинган қарорга кўра, 2026–2029 йилларда енгил саноат корхоналарининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича корхоналарга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилган кредитлар бўйича сосий қарзни қайтариш муддати 36 ойга узайтирилади (кредит таътили берилади). Фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш тизими жорий этилади.
2028 йил 1 январга қадар экспорт тушуми муддати 365 кунгача узайтирилади ҳамда ушбу муддатда жарима ва экспорт операцияларини чеклаш билан боғлиқ чоралар қўлланмайди.
Пахта толасини қайта ишлаш қувватлари мавжуд пахта-тўқимачилик кластерлари (кластер) ҳамда тўқимачилик корхоналарининг кредит қарздорликларини ундиришда ундирув харид қилинган пахта хомашёси ва ундан ишлаб чиқарилган пахта толасига қаратилмайди.
Енгил саноат корхоналарининг ишлаб чиқариши учун зарур бўлган хомашё ва бошқа материаллар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божидан озод қилиш бўйича аввал берилган имтиёзлар муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (Жамғарма) ҳисобидан:
2022–2023 йиллар пахта ҳосили учун ажратилган кредитлар бўйича қарздорлиги мавжуд ва фаолият юритаётган кластерларнинг 3,2 триллион сўмлик кредит тўлов муддати 2028–2029 йилларда ойма-ой тенг улушларда қайтариш шарти билан узайтирилади.
2025 йил пахта ҳосили учун ажратилган 1,2 трлн сўм кредит қарздорлиги тўлов муддати 2027 йил 1 мартга қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан узайтирилади.
Шербек Исломов,
ЎзА