Енгил атлетикачимиз Туркистон марафонида ғалаба қозонди
Қозоғистонда ўтказилган “Turkistan Marathon 2022” мусобақасида ўзбекистонлик енгил атлетикачи Бахтиёр Ўткиров олтин медалга сазовор бўлди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Қозоғистон, Австралия, Украина, Қирғизистон, Франция, Россия, Чехия, Буюк Британия, Испания, Тожикистон, Венгрия давлатларидан ташриф буюрган атлетлар орасида ҳамюртларимиз ҳам иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллади.

Кўпчиликнинг диққат-марказида бўлган эркаклар ўртасидаги марафон йўналишида юртдошимиз Бахтиёр Ўткиров олтин медални қўлга киритди. Аёллар ўртасидаги беллашувларда эса терма жамоамиз вакиласи Тамила Қўчқорова кумуш медалга мушарраф бўлди.
Шунингдек, 21.1 км масофада кечган ярим марафон дастурида ҳамюртимиз Шоҳруҳ Давлатов шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА