Кураш: Душанбеда XV Осиё чемпионати бошланди
Бугун, 13 июнь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Осиё чемпионати баҳслари бошланди.
Чемпионатнинг илк кунида эркаклар ўртасида 60, -66, -73, -81 килограммда, хотин-қизлар орасида эса -70, -78, -87 ва +87 кило вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

Кеча чемпионат олдидан Осиё кураш конфедерацияси бошқарув қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ҳамда VIII конгресси бўлиб ўтди.
Осиё кураш конфедерацияси президенти Комил Рўзиев раислигида ўтган йиғилишларда қитъа миқёсида курашни янада ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида конфедерация уставига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, 2027 йилги Осиё чемпионатини ўтказишга даъвогар мамлакатларнинг тақдимоти билан танишилди. Шунингдек, Японияда бўладиган ёзги Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари кўриб чиқилди.
Конгрессда иштирок этган Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти Шерзодхон Қудратхўжа, ИКА бош котиби Муҳаммад Реза Нассири, Афғонистон кураш федерацияси раҳбари Саид Зиё Дашти, Тожикистон кураш федерацияси вице-президенти Рахматжон Ўринов ва бошқалар курашнинг халқаро майдондаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, амалга оширилаётган лойиҳалар, минтақавий мусобақалар ва халқаро тақвимдан ўрин олган йирик тадбирлар хусусида тўхталди.

Конгрессга келган делегатлар мураббий ва ҳакамлар учун ташкил этилаётган ўқув-семинарларнинг савиясини ошириш, ички чемпионатларни тизимли ўтказиш, курашчиларнинг халқаро рейтинг кўрсаткичларини юритиш каби қатор йўналишлар борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, миллий спортимиз кураш бўйича ўтказилаётган қитъа чемпионати 15 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА