ЭНГ ЯХШИ НИЯТ
“Ватан асли остонадан -
Бошланади” дейдилар.
Ватан нима?
У бир қўрғон -
Бошпанадир, дейдилар.
Унинг ҳар бир хизматига
Шай турмоқлик - бурчимиз.
Ҳимояга берилгандир
Билакдаги кучимиз.
Сиз дунёга назар ташланг
Нигоҳлари саволлар.
Бунда қанча ғалаёнлар,
Қанча умри заволлар!
Одамлар бор ҳали бир бор -
Тинчлик таъмин тотмаган.
Гўдагини эркалатиб,
Осойишта ётмаган.
Минг бир хатар-хавотирда
Ўтиб борар кунлари.
Эс таниган боласининг –
Қуролдадир қўллари.
Кўрмоқ эмас, ҳатто хаёл
Қилмоқ қийин бу ҳолни -
Ногаҳонда япроғига
Қон сачраган ниҳолни...
Минг шукурки, бизлар озод,
Турмушимиз фаровон.
Мусаффодир осмонимиз,
Қуёшимиз чароғон.
Бунда ҳар кун тўй-тантана,
Ўйин-кулги, яллалар.
Фарзандларнинг камолидан
Каломланган аллалар.
Тинчлигинг ўз қўлингдадир -
Ҳумо қушдай таранган.
Дунёдаги бор эзгулик -
Инсон учун яралган!
“Олисдаги буғдойлар”дан
Ҳатто ҳовуч тўлолмас.
Огоҳ бўлсак, ҳушёр турсак,
Ғаламислар йўлолмас.
Бизга буткул ёт ғоялар -
Ётлигича қолгайдир.
Зоти улуғ инсон асл -
Зотлигича қолгайдир.
Шу ватаннинг тинчлигини,
Ҳурлигини сақлайлик.
Меҳр – фазилатлар ичра –
Дурлигини сақлайлик!
Тол хивичдан той ясаган
Болажонлар бор бўлсин!
Катта бўлсин ва қалбида -
Ватан бўлсин, ор бўлсин!
Дуо қилсин отахонлар,
Алқасин ҳар онажон.
Кўз тегмасин.
Пойдор бўлсин -
Ўзбекистон жонажон!
БЕБАҲО БОЙЛИК
Ҳаёт қандай гўзал!
Ҳаёт қандай соз!
Топганинг – иззат-у, кўрганинг – эъзоз.
Фарзанд туҳфа этиб ул Қодир Эгам,
Улар камолига масъулсан, деган.
Ҳар бирин юракнинг парчаси билиб,
Эл аро комронсан – тўй-ҳашам қилиб.
Демак, бағринг бутун, ардоқла ва суй,
Ва ёки қуриб бер данғиллама уй.
Аммо бўлса ҳамки қанча ҳашамдор,
Кун келиб уйларнинг эскирмоғи бор.
Болалик орзуси бўлгайдир ҳадсиз,
Хуллас, санамасин ўзини бахтсиз.
Меҳрини қозонгил ҳар не усулда,
Улов олиб бергин сўнгги русумда.
Улов ҳам эскириб қолар-ку, аттанг...
Қорнини тўйдириб, кийинтир башанг.
Бир умр йиғиниб, бир умр тўплаб -
Мол-у дунё қолдир кам эмас, кўплаб.
Ахир у – фарзандинг, яшасин дуркун,
Минг афсуски, пул ҳам тугайди бир кун!
Аммо, битта йўл бор – баридан аъло,
Унга ўғри тушмас, эскирмас асло!
Уни ҳеч мезонда ўлчаб бўлмайди,
Бу йўлни тутганнинг номи ўлмайди!
Балки бир авлодни шуҳратга кўмар –
Фарзандга берилган билим ва ҳунар!
ОНА ТИЛИМ
Мен булбулман – ўз тилида сайраб турган,
Мен дулдулман – ўз ерида яйраб юрган.
Менга келсин, менинг ўзбек тилим учун -
Ўзин дағал тилларини қайраб юрган.
Қани айтсин, қайси тилдан камдир тилим,
Менинг учун ифтихор ҳам шаъндир тилим.
Темурийман - туркийларнинг бош бўғини,
Сенда олам фасоҳати жамдир тилим!
Сен ўзингсан алла билан дилга тушган,
Ва илк бора “она” дея тилга тушган.
Кошғарийдан тортиб барча боболарим –
Менга фақат тил ҳикматин ўргатишган.
Шу тил борки, шу эл борки - мен ҳам борман,
Тилин азиз билганларга дўстман, ёрман.
Қўлга қалам тутдим, демак аждодлардан –
Авлодларга сўз ташувчи дастёрман!
Мадҳинг қилсам, кўксим аро ёнар дилим,
Куйлагайман, майли токи қонар тилим.
Яшасам бас, сен-ла сени сенда куйлаб,
Ватан тили, Отам тили, Она тилим!