Энг намунали маҳалла раислари аниқланди
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Энг намунали маҳалла раиси” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда юртимизда маҳалла тизимини тубдан ислоҳ қилишга, одамларнинг дарду-ташвиши, муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллалар уюшмаси ва унинг бошқарма ва бўлимлари ташкил этилиб, “маҳалла еттилиги”нинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Айни пайтда вилоятимизнинг 4 та туманида “Обод хонадон –обод кўча–обод маҳалла” мезонлари асосида қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани ва аҳоли учун зарур барча шароитлар яратиб берилаётгани ҳам юртимизда инсон қадри улуғланаётганидан далолатдир.
Бугун маҳалла фаоллари маҳаллаларни обод қилиш, қадриятларни сақлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялаш, энг асосийси, миллатимиз учун ёт бўлган оилавий ажримларга йўл қўймаслик учун янада фаол ва ташаббускор бўлишмоқда.

Биринчи босқичда 11 та туман ва шаҳарда секторлар бўйича 330 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари раислари ўзаро баҳслашди. Сектор ғолиблари эса туман ва шаҳар босқичида ўз омадларини синаб кўрди ва ғолиблар вилоят босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Танловда маҳалла раислари 3 та шарт асосида ўзаро беллашди.
[gallery-16296]
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарорига кўра, 2-ўринни Навбаҳор туманидаги Гулистон маҳалласи раиси Нигора Йўлдошева, 3-ўринни Хатирчи туманидаги Бахшижар маҳалласи раиси Азизбек Раҳмонбердиев қўлга киритган бўлса, фахрли 1-ўринга Навоий шаҳридаги Ўзбекистон маҳалласи раиси Дилноза Қурбонова муносиб кўрилди ва танловнинг республика босқичида иштирок этадиган бўлди.
Барча ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари