Энг муносиблар танловнинг кейинги босқичида
Андижонда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” анъанавий республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мактабгача таълим ташкилотларида иш олиб бораётган тарбиячиларни қўллаб-қувватлаш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш ва уларни рағбатлантириш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўтказилган танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган илғор, фаол ва намунали тарбиячилар иштирок этиб, ўз маҳоратларини намойиш этди.
Тарбиячи-педагоглар белгиланган ҳар бир шарт бўйича чиқишларида ўзларини юқори малакали, билимдон ва ўз ишининг етук мутахассиси эканликларини намойиш эди. Ҳакамлар ҳайъатига ғолибларни аниқлаш осон кечмади.
Якуний натижаларга кўра, бешта туман, яъни Асака, Жалақудуқ, Пахтабод, Олтинкўл ҳамда Марҳамат туманлари вакилалари ғолиб, деб топилиб танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Фаолиятимда янги, инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда болажонларга сифатли таълим беришга ҳаракат қиламан, – дейди танлов ғолибаларидан бири, Марҳамат туманидаги 21- давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Нилуфар Эминжонова. – Буни танлов шартлари доирасидаги чиқишларимда кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим. Чиқишларим, умуман, фаолиятим ижобий баҳоланиб, танлов ғолибларидан бири бўлганлигимдан хурсандман. Бу менга катта масъулият юклайди. Энди танловнинг мамлакат босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан.
Ғолиб ва совриндорлар вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА