Энг катта солиқдан қарзи бор ташкилот ходимлари очиқланди
Мамлакатда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини ўз вақтида тўлашига доир назорат кучайтирилмоқда. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 22 июль ҳолатига 183 мингдан ортиқ ташкилотнинг қарийб 885 минг нафар ходимида мол-мулк ва ер солиғи бўйича жами 498,7 миллиард сўм қарздорлик мавжуд.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қарздорлик 1 миллион 69 минг 710 та солиқ объекти бўйича шаклланган. Шундан 282,8 миллиард сўми ер солиғи, 215,9 миллиард сўми эса мол-мулк солиғи ҳиссасига тўғри келади.
Таҳлиллар қарздорликнинг асосий қисми тижорат ташкилотлари ходимлари ҳиссасига тўғри келишини кўрсатмоқда. Хусусан, улар зиммасидаги қарз 387,9 миллиард сўмни ташкил этади. Бюджет ташкилотлари ходимларининг солиқ қарзи 90,8 миллиард сўм, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлариники эса 20 миллиард сўмга тенг.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, ходимлари ўртасида энг катта солиқ қарздорлиги қайд этилган ташкилотлар қуйидагилар ҳисобланади.
-«Темирйўлинфратузилма» АЖ 5,6 миллиард сўм,
-«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 4,2 миллиард сўм,
-«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ 4,1 миллиард сўмни ташкил этган.
Мол-мулк ва ер солиғини белгиланган муддатларда тўлаш фуқароларнинг қонуний мажбурияти ҳисобланади. Солиқ қарздорлигининг сақланиб қолиши пеня ҳисобланишига, айрим ҳолатларда эса мажбурий ундириш чоралари қўлланилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, фуқароларга шахсий солиқ мажбуриятларини мунтазам равишда текшириб бориш, қарздорлик мавжуд бўлса, уни имкони борича қисқа муддатда бартараф этиш тавсия этилади. Бу нафақат қўшимча молиявий харажатларнинг олдини олади, балки солиқ интизомини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА