Энг билимдонлар аниқланди
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг билим ва дунёқарашини янада бойитиш мақсадида «Заковат» интеллектуал билимлар танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда «Заковат» интеллектуал клуби ҳамкорлигида ташкил этилган танловда шаҳар ва туман фавқулодда вазиятлар бўлимлари ҳамда тизим ташкилотлари жамоалари иштирок этди. Беллашув иштирокчилар учун нафақат билим синови, балки жамоавий ҳамжиҳатлик, тезкор фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини намоён этиш имкониятига ҳам айланди.


Танлов давомида жамоалар Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, адабиёт, фан ва техника, мантиқ, миллий қадриятлар ҳамда умумий билимларга оид қизиқарли ва мураккаб саволларга жавоб бердилар. Ҳар бир босқич қизғин баҳс-мунозаралар, фикрлар тўқнашуви ва муросасиз рақобат руҳида кечди. Айниқса, мантиқий фикрлаш ва тезкор қарор қабул қилишни талаб қилувчи саволлар иштирокчиларнинг тайёргарлик даражасини янада яққол намоён этди.

Якуний натижаларга кўра, Янгиер шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими жамоаси энг юқори натижани қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Оқолтин тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими жамоаси иккинчи, «Сирдарё ИЭС» акциядорлик жамияти объект Фавқулодда вазиятлар бўлими жамоаси эса учинчи ўринга муносиб деб топилди.

Тадбир якунида ғолиб ва фаол иштирок этган жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири