Энергия хавфсизлиги йўлидаги кенг кўламли ишлар
Энергия ресурсларини аҳолига узлуксиз, хавфсиз ва сифатли етказиб бериш бугун давлат сиёсатидаги энг муҳим вазифалардан бирига айланган. Мамлакатимизда ёқилғи-энергетика соҳасини модернизация қилиш, коммунал хизматлар сифатини ошириш, табиий газ таъминоти тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсадлар фақат янги қувурлар қуриш билан чекланмай, мавжуд инфратузилмани тубдан янгилаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва аҳолига қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Ана шу кенг қамровли ишлар доирасида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Газ тармоқларини реконструкция қилиш, эски қувурларни янгилаш, газ маромлаш қурилмаларини замонавий ускуналарга алмаштириш, техник кўрик ва профилактик тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш орқали тизимнинг ишончлилиги янада мустаҳкамланмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, газ қувурларини реконструкция қилиш нафақат инфратузилмани янгилаш, балки авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, босим барқарорлигини таъминлаш ва истеъмолчиларга табиий газни узлуксиз етказиб беришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис манзилли дастур асосида жорий йилда вилоят бўйлаб 130 километр газ қувурини модернизация қилиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар ушбу режанинг қарийб 86 километрида қурилиш ва таъмирлаш ишлари муваффақиятли бажарилди.
Айниқса, Пешку туманининг “Обидхўжа” маҳалласида диаметри 159 миллиметр бўлган магистрал газ қувурида олиб борилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари диққатга сазовор. Бу ерда қарийб 3 километр газ қувури тўлиқ реконструкция қилиниб, унинг техник ҳолати замонавий талаблар даражасига келтирилмоқда.
Бухоро шаҳрининг “Янгиобод” маҳалласи орқали ўтувчи 2 километрдан ортиқ газ қувурида ҳам кенг кўламли таъмирлаш ишлари бошланган. Соҳа мутахассислари белгиланган режаларни сифатли ва қисқа муддатларда бажариш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этмоқда.
Шунингдек, Бухоро туманининг “Работиқалмоқ” маҳалласидаги Шейхон, Янгиобод ва Деҳхожи қишлоқларини табиий газ билан таъминловчи қарийб 5 километр газ қувури модернизация қилинмоқда. Бу ишлар аҳолига табиий газни барқарор етказиб бериш, босимнинг меъёрда бўлишини таъминлаш ва фавқулодда ҳолатлар хавфини минималлаштиришга хизмат қилади.
— Вилоятнинг Ғиждувон туманида бугунга қадар қарийб 16 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланди. Шу билан бирга, 4 та газ маромлаш қурилмаси янгиланди. Бу каби модернизация ишлари вилоятнинг барча ҳудудларида изчил давом этмоқда, — дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Акмал Насретдинов.
Бу каби амалий ишлар замирида бир мақсад мужассам — инсон манфаати. Янгиланган газ тармоқлари орқали табиий газ таъминотининг ишончлилиги ортади, тизимдаги йўқотишлар камаяди, авариявий ҳолатлар эҳтимоли кескин пасаяди. Энг муҳими, 84 мингдан ортиқ истеъмолчининг табиий газ таъминоти янада яхшиланиб, уларнинг хавфсизлиги ишончли ҳимоя қилинади.
“Ҳудудгаз Бухоро” филиали томонидан амалга оширилаётган модернизация ишлари оддий таъмирлаш эмас, балки келажакка қаратилган стратегик сармоядир. Бу лойиҳалар орқали газ таъминоти тизими янада мустаҳкам, хавфсиз ва самарали тус олмоқда. Инфратузилманинг босқичма-босқич янгиланиши эса минглаб хонадонларда қиш фаслини хотиржам ва фаровон қарши олиш, аҳоли турмуш сифати ва ҳаёт хавфсизлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА