Нишонда 100 гектар узумзор барпо этилади
Қашқадарё вилояти Нишон тумани “Гулистон” маҳалласида 100 гектар майдонда замонавий узумзор барпо этиш ишлари бошланди. Мазкур лойиҳа ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Узумзор учун юқори ҳосилдор, бозорбоп ва экспорт талабига жавоб берадиган навлар танланмоқда. Шу билан бирга, томчилатиб суғориш тизими ва замонавий агротехнологияни жорий этиш орқали сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш ҳамда ҳосилдорликни ошириш кўзда тутилган.
Мазкур ташаббусдан кўзланган яна бир мақсад – янги иш ўринлари яратиш. Боғ барпо этиш, экинни парваришлаш, ҳосилни йиғиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида маҳалла аҳолиси учун доимий ва мавсумий бандлик имконияти яратилади. Натижада оилалар даромади ошади, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожланади.

Мутахассислар таъкидлашича, узумчилик нафақат янги бозорларни эгаллаш, балки қайта ишлаш саноатини йўлга қўйишда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Узумдан шарбат, майиз каби қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин. Шу тариқа маҳаллий тадбиркорлик юксалади.

Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияни жорий этиш, шу орқали юқори самарадорликка эришишга қаратилган давлат сиёсати амалий натижа бермоқда. “Гулистон” маҳалласида бунёд этилаётган 100 гектарлик узумзор ҳам айни ислоҳотнинг ёрқин намунаси сифатида ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юзага чиқариши шубҳасиз. Қолаверса, янги боғ, самарали меҳнат ва илғор технология уйғунлиги туфайли Нишон тумани узумчилик соҳасида илғор ҳудудлардан бирига айланиши, етиштирилаётган маҳсулот ички ва ташқи бозордан муносиб ўрин олишига ишонамиз.
ЎзА