Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилмоқда
“Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳудудларда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши, шунингдек, энергетика қурилмаларининг белгиланган талаблар асосида эксплуатация қилиниши юзасидан назорат тадбирлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ўтказилган назорат тадбирида “Ф. З. Б.” МЧЖга қарашли сув насослари ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланган ҳолда, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинганлиги аниқланди. Мазкур қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 561 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Андижон туманида ўтказилган назорат тадбири давомида “З.М.Ҳ.” МЧЖга қарашли корхонада сертификатлаштирилмаган энергетика ускуналаридан фойдаланган ҳолда электр энергиясидан белгиланган талабларга зид равишда фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли қонуни 47-моддаси асосида ҳисоб-китоб қилиниб, корхонага нисбатан 29,8 миллион сўм миқдорида иқтисодий санкция қўлланилди.
Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида якка тартибдаги тадбиркор Н.О. га қарашли новвойхона тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ўзбошимчалик билан газ тармоғига уланган ҳолда табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Натижада газ таъминоти корхонасига 399 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Энергетика соҳасидаги назорат тадбирлари доирасида нефть маҳсулотларини реализация қилиш билан боғлиқ қоидабузарлик ҳам аниқланди. Жумладан, Тўрткўл туманида жойлашган “Б.А.” хусусий корхонасига қарашли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ёқилғи тарқатиш устунлари навбатдаги давлат қиёслов кўригидан ўтказилмасдан фаолият юритганлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан шохобчага нисбатан реализация қилинган нефть маҳсулотининг 50 фоизи миқдорида, яъни 637 миллион сўм жарима қўлланилди.
Шу каби қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган “Х.Т.Л.” МЧЖга қарашли асфальт ишлаб чиқариш корхонасида ҳам ўрганиш ўтказилди. Назорат давомида корхона йилига 100 минг куб метрдан ортиқ табиий газ истеъмол қилишига қарамасдан, техник жиҳатдан қайта жиҳозланган газдан фойдаланиш ускуналари учун тегишли хулосаларни олмасдан фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 701-сонли қонунига мувофиқ, корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима қўлланилди.
Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, бундай назорат тадбирлари энергетика ресурсларидан қонуний ва самарали фойдаланишни таъминлаш, истеъмолчиларнинг белгиланган талабларга риоя этишини назорат қилиш ҳамда қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА