Билимга берилган кўмак келажакка имкониятдир
Юртимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ёшлар келажагига бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Тошкент вилоятида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган 400 га яқин оиланинг 2025 – 2026 ўқув йилида умумтаълим мактабларида фанларни “аъло” баҳоларга ўзлаштираётган фарзандларига ҳомийлар томонидан мактаб сумкалари ва зарур ўқув қуроллари топширилди.

Мазкур ташаббус билимга интилаётган ўқувчиларни рағбатлантириш, уларнинг таълим олиши учун зарур шароит яратиш ва келажакдаги мақсадларига эришишига кўмаклашишга хизмат қилади. Зеро, ўқувчига берилган ҳар бир китоб, дафтар ва қалам — унинг билим олиш йўлидаги муҳим қадами. Бугунги эътибор ва кўмак эса эртанги тараққиёт учун мустаҳкам пойдевордир.
А.Мусаев, ЎзА