Энергетикада сифатли таъмирлаш маҳаллий ишлаб чиқариш билан уйғунлашмоқда
Энергетика тизимининг ишончли ва узлуксиз фаолияти кўп жиҳатдан сифатли техник хизмат кўрсатишга боғлиқ. Бунинг учун соҳа объектларини зарур ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар билан ўз вақтида таъминлаш ҳамда таъмирлаш ишларини тезкор ва самарали ташкил этиш муҳим ҳисобланади. Шу боис, маҳаллий саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш ва муҳандислик салоҳиятини мустаҳкамлаш тармоқ олдидаги устувор вазифалардандир.
Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча Тошкент вилоятидаги “NURA Electric” заводига ташрифи давомида айни масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишар экан, энергетика соҳасида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда сервис хизматларини ривожлантириш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди. Қатор тақдимотлар билан танишди.
– Корхонамиз дастлаб энергетика ускуналарини таъмирлашга ихтисослашган ҳолда фаолият бошлаган. Йиллар давомида тажриба ва техник имкониятларимизни кенгайтириб, бугунги кунда муҳандислик, ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш йўналишларини қамраб олган йирик компанияга айландик, – деди “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ бош директори Фарҳод Абдураҳмонов. – Ҳозирда жамиятимиз таркибида тўққизта бўлинма, ҳудудларда эса ўнта ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш участкаси фаолият юритмоқда. Автотранспорт воситалари ва махсус техникалар сони 430 тага етади.
Ишлаб чиқариш майдонлари 7 гектарни ташкил этади. Бу ерда 300 га яқин замонавий станокдан иборат ишлаб чиқариш парки мавжуд. Уларда энергетика объектларида фойдаланиладиган турли эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар тайёрланади. Ушбу маҳсулотларнинг ўзимизнинг таъмирлаш ва сервис хизматларимизда қўлланилиши ишлаб чиқариш жараёнларини маҳаллий имкониятлар ҳисобига таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бунинг амалий аҳамияти катта. Чунки энергетика объектларидаги ускуналар учун зарур эҳтиёт қисмларни маҳаллий шароитда тайёрлаш таъмирлаш ишларини тезкор ташкил этиш, ташқи етказиб берувчиларга боғлиқликни камайтириш ва харажатларни мақбуллаштириш имконини беради. Энг муҳими, ускуналарнинг соз ҳолатда ишлашини таъминлаш орқали электр энергияси таъминотининг барқарорлигига ҳам муносиб ҳисса қўшилади.
Давлатимиз раҳбари корхонамиз фаолиятига оид тақдимот билан танишиш жараёнида ишлаб чиқариш салоҳиятимизни янада ошириш, маҳаллийлаштириш дастурини кенгайтириш, хусусан, сервис хизматларини маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан ишлаб чиқарилаётган эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар турини кўпайтириш ҳамда уларнинг ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Бу вазифалар биздан мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва хизматлар сифатини оширишни талаб этади.
Маҳаллийлаштиришнинг самараси фақат импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш билан чекланмайди. Ускуналарни лойиҳалаштириш, синовдан ўтказиш, эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш ва уларга малакали сервис хизмати кўрсатиш имкониятларининг бир жойда шаклланиши тармоқнинг технологик мустақиллигини мустаҳкамлайди. Бу эса маҳаллий корхоналарнинг ички бозордаги ўрнини кучайтириш билан бирга, келгусида ташқи бозорларга чиқиши учун ҳам мустаҳкам замин яратади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА