Электрон тамаки олиб кирганлар жиноий жавобгарликка тортилмоқда
Ўзбекистонда электрон сигареталар ва никотин етказиб беришнинг бошқа электрон воситаларини мамлакат ҳудудига олиб кириш, сақлаш, ташиш ҳамда муомалага киритишга нисбатан назорат янада кучайтирилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай маҳсулотларни ноқонуний равишда олиб кирган шахс биринчи марта маъмурий, такроран содир этган тақдирда эса жиноий жавобгарликка тортилади.
Божхона қўмитаси электрон тамаки маҳсулотлари ҳамда никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини ноқонуний айланмадан чиқариш ва уларнинг мамлакат ҳудудига яширин олиб кирилишига қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, 2025 йил 27 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мазкур соҳадаги ҳуқуқий талабларни янада кучайтирди.
Унга мувофиқ, никотинли снюслар, тамакини қиздириш тизимлари ва никотин етказиб беришнинг электрон воситаларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сотиб олиш, сақлаш, ташиш, сотиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган.
Божхона органлари маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида республика чегараси орқали тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб кириш ва ички бозорда муомалага киритиш билан боғлиқ 759 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган.
Натижада умумий қиймати 48,5 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари мусодара қилинган. Шунингдек, аниқланган ҳолатларнинг 185 тасида қиймати 4,2 миллиард сўмлик 58 минг 403 қути никотинли снюс маҳсулотининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, никотинли снюсларни мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб киришга уринган 15 нафар фуқаро бу ҳуқуқбузарликни такроран содир этган. Уларнинг 7 нафарига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Божхона қўмитаси фуқароларни яна бир бор огоҳлантириб, республика ҳудудида муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, жумладан электрон сигареталарни тайёрлаш, сотиб олиш, сақлаш, ташиш, сотиш, мамлакат ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш қонун билан тақиқланганини эслатди.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур чекловлар аҳоли, айниқса ёшлар саломатлигини муҳофаза қилиш, ноқонуний савдо айланмасини қисқартириш ҳамда жамоат саломатлигини таъминлашга қаратилган. Фуқаролардан қонун талабларига қатъий риоя қилиш, тақиқланган маҳсулотларни мамлакат ҳудудига олиб кирмаслик ва уларнинг ноқонуний муомаласида иштирок этмаслик сўралмоқда. Зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди, қонун талабларини бузиш эса маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА