Энергетика соҳасида самарадорлик ва экологик хавфсизлик устувор
Бугунги кунда энергетика соҳасида барқарор тараққиётни таъминлаш фақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан белгиланмайди. Бу жараёнда замонавий технологияларни жорий этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлигини таъминлаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, аҳоли зич жойлашган ҳудудда фаолият юритаётган "Тошкент ИЭС" акциядорлик жамияти учун экологик хавфсизлик ва ишлаб чиқариш самарадорлигини уйғунлаштириш долзарб вазифалардан биридир. Бу манзилда жорий этилаётган ҳар бир технологик янгилик нафақат энергетика тизими барқарорлигига, балки ҳудуд экологик ҳолатини яхшилашга ҳам хизмат қилиши лозим.

Шу муносабат билан "Энергетиканинг янги босқичи: модернизация, энергия самарадорлиги ва экологик масъулият" мавзусида давра суҳбатда ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Борий Алиханов, Ноиба Иноятова, Моҳира Ходжаева, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари ва энергетика соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Дастлаб корхона фаолияти билан яқиндан танишув ташкил этилди. Меҳмонларга станция бош директори Рустам Шамсиев ҳамроҳлик қилиб, корхонада сўнгги йилларда амалга оширилган модернизация ишлари, ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш, энергия самарадорлигини ошириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидлаш жоизки, станцияда экологик таъсирни камайтириш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги муҳим натижалардан бири 1-сонли энергоблокда юқори самарадорликка эга замонавий фильтрнинг ўрнатилганидир. Маълумотларга кўра, мазкур қурилма чиқиндиларни 99,5 фоиз самарадорлик билан тозалаш имкониятига эга.
Атмосфера ҳавоси сифатини назорат қилиш ҳам эътибордан четда эмас. Хусусан, станциядаги 12 та энергоблок фаолиятини қамраб олган 3 та тутун мўрисига автоматик мониторинг станциялари ўрнатилган. Улар орқали чиқинди газлар таркиби электрон шаклда назорат қилинади. Шунингдек, санитария-ҳимоя ҳудудида ташкил этилган экопост атроф-муҳит ҳолатини мунтазам кузатиш имконини бермоқда.
Станцияда сув ресурсларини тежаш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, қуёш панеллари ва сув иситгичларидан фойдаланиш ҳисобига йилига 110,7 тонна чиқинди ташламасининг олди олинмоқда. Техник сувдан самарали фойдаланиш эса ҳар йили 350 минг куб метр ичимлик сувини тежаш имконини бермоқда.
Танишув давомида депутатлар станциядаги буғ-газ турбина қурилмаси, замонавий технологик жараёнлар ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан ҳам танишди. Меҳмонларга энергетика объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Умуман олганда, станцияда амалга оширилаётган модернизация ишлари энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — ишлаб чиқариш самарадорлиги ва экологик хавфсизликни уйғунлаштиришга қаратилган. Депутатларнинг корхона фаолияти билан бевосита танишуви эса амалга оширилаётган ишлар натижаларини жойида ўрганиш, мавжуд вазифалар ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилиш имконини берди.
А. Мусаев, ЎзА