Тўқимачилик: Қашқадарё вилоятидаги илғор тажриба оммалашмоқда
Бугун жаҳон бозорида маҳсулот сифати билан бирга унинг таннархи, ишлаб чиқариш жараёнида сарфланадиган ресурслар миқдори ҳам муҳим рақобат омилига айланмоқда. Айниқса, энергия ва сув сарфи юқори бўлган тўқимачилик саноатида бу масала корхоналарнинг иқтисодий барқарорлиги, экспорт салоҳияти ва бозордаги мавқеини белгилайдиган асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Sulton Tex Group” тўқимачилик кластери фабрикаси фаолияти билан танишуви жараёнида ҳам айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари корхонада жорий этилган ресурс тежамкор технологиялар тажрибасини бошқа тўқимачилик корхоналарида ҳам оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Бу ташаббус энди амалий босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан республикадаги 50 дан ортиқ тўқимачилик корхонаси вакиллари Қашқадарёга келиб, “Sulton Tex Group” фабрикасида жорий этилган энергия ва сув тежамкор технологиялар, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳамда ишлаб чиқариш жараёнидаги аҳамияти билан танишди.
Маълумки, тўқимачилик саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни кўп миқдорда электр энергияси, иссиқлик ва сув сарфини талаб этади. Айниқса, матога ишлов бериш ва бўяш жараёнларида сув ҳамда энергия ресурсларига эҳтиёж юқори. Шу боис мазкур харажатларни қисқартириш корхоналар учун нафақат иқтисодий манфаат, балки маҳсулот таннархини оптималлаштиришнинг муҳим шартидир.
[gallery-32275]
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил 13 мартда қабул қилинган қарор доирасида кластер томонидан ташкил этилган мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси қиймати 54 миллион доллар бўлган йирик лойиҳа ҳисобланади. Унинг доирасида йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга линиялар ишга туширилган. Эътиборлиси, янги ишлаб чиқариш қувватлари билан бирга 840 та иш ўрни ҳам яратилган.
Бироқ корхона фаолиятининг аҳамияти фақат ишлаб чиқариш ҳажми ёки яратилган иш ўринлари билан чекланмайди. Бу ерда ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ечимлар ҳам ишлаб чиқариш жараёнининг муҳим таркибий қисмига айланган.
Масалан, қиймати 3 миллион доллар бўлган ёпиқ сув айланиши тизими ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб, қайта ишлатиш имконини беради. Бунинг ҳисобига йилига 1,1 миллион куб метр сув тежалиши кўзда тутилган.
Электр энергияси таъминотида ҳам муқобил ечимлар танланган. Фабрикани узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида газ генератори ўрнатилган. Бинонинг томи ва деворларига қуёш панеллари жойлаштирилган. Уларнинг умумий қуввати 3,5 мегаваттни ташкил этади.
- Президентимиз томонидан тадбиркорларга яратилаётган қулай инвестиция муҳити ва имкониятлардан фойдаланиб, “Sulton Tex” МЧЖ томонидан бугунги кунга қадар 13 та йирик лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг бештаси очилишида давлатимиз раҳбари шахсан иштирок этиб, зарур тавсия ва кўрсатмалар берган, - дейди “Sulton Tex” МЧЖ раҳбари Нурбек Эргашев. - 2016 йилда биринчи лойиҳамизни тақдим этган бўлсак, бугун яна иккита лойиҳани ишга туширдик. Корхонамизда энергия тежамкор технологияларга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Масалан, девор қопламаси ўрнига қуёш панелларини ўрнатиш орқали бир вақтнинг ўзида ҳам бинога қоплама қилдик, ҳам электр энергияси олиш имкониятига эга бўлдик. Бунинг иқтисодий жиҳатдан ҳам афзаллиги бор. Ҳозиргача қуёш панеллари орқали корхона электр энергияси эҳтиёжининг 30 фоизини қоплаяпмиз. Қувватни 10 мегаваттга етказиб, бу кўрсаткични 50 фоизга чиқаришни режалаштирганмиз.
Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги вакилларининг таъкидлашича, бугунги кунда тўқимачилик корхоналарида маҳсулот таннархининг 10-15 фоизини энергия ресурслари харажатлари ташкил этмоқда. Дунёда энергия манбалари нархининг ўзгариши ва ташқи бозорларда рақобатнинг кучайиши шароитида бу кўрсаткич ишлаб чиқарувчилар учун жиддий иқтисодий масала бўлиб қолмоқда.
- Ташқи бозорларда тўқимачилик маҳсулотлари бўйича кучли рақобат мавжуд. Бу эса маҳаллий корхоналаримиздан маҳсулот таннархини оптималлаштириш, жумладан, энергия ресурсларини тежаш бўйича изчил ишлашни талаб қилмоқда, - дейди Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Муҳаммадсаидов. - Бугунги кунда соҳада маҳсулот таннархининг 10-15 фоизи энергия ресурслари ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли энергия тежамкор технологияларни жорий этиш маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. “Sulton Tex” корхонасида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, сувни тозалаш ва қайта ишлатиш борасида амалга оширилган ишлар билан 50 дан ортиқ корхона вакилларини таништиришдан мақсад ҳам шу. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий этилган ечимлар корхонада энергия ресурслари харажатларини 6 фоизгача камайтириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш имконини беради. Бугун бошқа корхоналарда ҳам бундай лойиҳалар бошланган. Бироқ сувни тозалаш иншооти ва бинолар деворларига қуёш панелларини ўрнатиш тажрибаси соҳа учун янгилик бўлмоқда.
Албатта, энергия ресурсларини тежашнинг иқтисодий самараси корхона кўлами, ишлаб чиқариш қуввати, энергия истеъмоли ва ўрнатилган ускуналар қийматига боғлиқ. Шунинг учун ҳар бир тадбиркор бундай лойиҳаларни жорий этишдан олдин уларнинг қопланиш муддати, хизмат кўрсатиш харажатлари ва кутилаётган тежамкорликни ҳисоблаб чиқиши муҳим.
Қашқадарёдаги фабрика тажрибаси эса бу борада аниқ ҳисоб-китоб ва амалий натижаларга таяниш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда иштирок этган корхона вакиллари фақат технологиялар билан танишибгина қолмай, уларни жорий этишнинг молиявий томонлари, тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида ҳам маълумот олди. Бу эса келгусида бошқа ҳудудларда ҳам шундай лойиҳаларни амалга ошириш учун амалий асос бўлиши мумкин.
Жумладан, Сирдарё вилоятидаги “Poly tex Sirdaryo” МЧЖ раҳбари Дурбек Абдураҳмонов ташрифдан олган таассуротлари ҳақида гапирар экан, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш масаласи уларнинг корхонаси учун ҳам долзарб эканини таъкидлади.
- Тўқимачилик соҳасида электр энергияси харажатлари маҳсулот таннархига сезиларли таъсир кўрсатади. Шунинг учун “Sulton Tex” корхонасида бу борада амалга оширилган ишлар бизда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, қуёш панелларининг иқтисодий самарадорлиги, уларнинг сарфланган маблағни қоплаш муддати ҳақидаги маълумотлар эътиборимизни тортди, - дейди Дурбек Абдураҳмонов. - Беш мегаватт қувватли қуёш панеллари лойиҳасининг тахминан 2,5 йилда ўз харажатини қоплаши мумкинлиги айтилди. Бизнинг корхонамизда бир ойлик электр энергияси харажатлари қарийб 2 миллиард сўмни ташкил этади. Демак, муқобил энергия манбаларини жорий этиш орқали келгусида бу харажатларнинг муайян қисмини тежаш имконияти мавжуд. Ташриф давомида тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар билан ҳам танишдик. Бу тажрибани ўз корхонамизда ҳам қўллашни мақсад қилдик.
Бу каби мулоқотлар соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш билан бирга, корхоналар ўртасида амалий тажриба алмашишга ҳам хизмат қилади. Зеро, бир корхонада ўзини оқлаган технология бошқасида ҳам қўлланилиши мумкин. Бунинг учун унинг техник ва иқтисодий хусусиятларини ўрганиш, маҳаллий шароитга мослаштириш ва инвестиция самарадорлигини тўғри баҳолаш талаб этилади.
“Sulton Tex Group” кластерида амалга оширилаётган ишлар келгуси истиқбол билан ҳам узвий боғлиқ. Хусусан, мазкур эркин иқтисодий зонада яна 70 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш ва 3 минг 570 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Вилоятнинг бошқа туманларида эса умумий қиймати 17 миллион доллар бўлган лойиҳалар ҳисобига яна 1 минг 220 кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Бу режалар тўқимачилик саноатининг ҳудуд иқтисодиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Бироқ бунда лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги, ресурслардан фойдаланиш маданияти ва замонавий технологияларга таяниш масалалари ҳамиша устувор бўлиб қолиши зарур.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари