Энергетика соҳасида ижобий динамика: ишлаб чиқариш ва истеъмол ўсмоқда
2026 йилнинг январь-май ойларида мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ҳажмлари ўсиш тенденциясини сақлаб қолди. Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу даврда ҳам ишлаб чиқариш, ҳам истеъмол кўрсаткичларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ижобий ўзгаришлар қайд этилган.
Жорий йилнинг январь-май ойларида республикамизда жами 37 миллиард 684,2 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2 миллиард 57,8 миллион кВт⋅соатга ёки 5,8 фоизга кўпни ташкил этди.
Шу билан бирга, мазкур даврда республика бўйича электр энергияси истеъмоли ҳам ошди. Хусусан, январь-май ойларида истеъмол ҳажми 36 миллиард 317,4 миллион кВт⋅соатга етди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 миллиард кВт⋅соатга ёки 3,8 фоизга кўп демакдир.
Май ойи кўрсаткичлари ҳам соҳадаги ижобий динамикани тасдиқлайди. Ушбу ойда мамлакатда 7 миллиард 15,7 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 249,7 миллион кВт⋅соатга ёки 3,7 фоизга ошган.
Электр энергияси истеъмоли бўйича ҳам ўсиш кузатилди. Май ойида республика истеъмоли 6 миллиард 782,6 миллион кВт⋅соатни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2025 йил май ойидаги натижага нисбатан 8 миллион кВт⋅соатга ёки 0,1 фоизга кўп бўлди.
Умуман олганда, йилнинг дастлабки беш ойида қайд этилган натижалар мамлакатда электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бораётгани ҳамда ушбу эҳтиёжни қоплаш мақсадида ишлаб чиқариш қувватлари изчил оширилаётганини кўрсатмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА