Олий таълим ташкилотларида сифатни таъминлаш ва халқаро аккредитация: тамойилдан амалиётгача
Олий таълимда сифат бошқаруви ва халқаро аккредитацияга эришиш таълим дастурларини жаҳон стандартларига мослаштириш ҳамда ички сифат назорати тизимини тўлиқ рақамлаштиришдан бошланади. Бунда энг муҳим омиллардан бири профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, талабалар билан самарали қайта алоқани йўлга қўйиш ва мустақил ташқи аудит жараёнларига тизимли тайёргарлик кўриш ҳисобланади. Якуний натижада таълим сифати халқаро даражада тан олиниб, университетларнинг глобал рейтинглардаги ўрни ҳамда битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги сезиларли даражада ошади.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳамда Foundation for International Business Administration Accreditation (FIBAA) ҳамкорлигида “Тамойилдан амалиётгача: олий таълим ташкилотларида сифатни таъминлаш бошқаруви ва халқаро аккредитацияга элтувчи йўл” мавзусида халқаро семинар-тренинг ўтказилди.
Унда 200 дан ортиқ олий таълим ташкилоти вакиллари, жумладан, халқаро экспертлар, халқаро ҳамкорлик бўйича проректорлар, таълим сифатини таъминлашга масъул раҳбарлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади олий таълим ташкилотларида сифатни таъминлаш тизимини такомиллаштириш, ички сифат кафолати механизмларини ривожлантириш, соҳа вакилларини халқаро аккредитация стандартлари ва илғор амалиётлар билан таништириш, шунингдек, институционал ривожланиш масалалари бўйича халқаро тажриба алмашишни йўлга қўйишдан иборат бўлди.
[gallery-29774]
Семинар-тренинг дастури доирасида халқаро экспертлар томонидан олий таълимда сифатни таъминлашнинг замонавий ёндашувлари, институционал бошқарув механизмлари ҳамда халқаро аккредитация стандартларига бағишланган маърузалар тақдим этилди. Шунингдек, FIBAA экспертлари иштирокида таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш жараёнлари, ўзини ўзи баҳолаш ҳисоботларини тайёрлаш, экспертлар ташрифига тайёргарлик кўриш ва ички сифат кафолати тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Тадбир давомида савол-жавоб ва нетворкинг сессиялари, олий таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашиш учрашувлари ташкил этилди. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан мулоқотлар ва муҳокамалар ўтказилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу халқаро семинар доирасида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳамда FIBAA ўртасида ҳамкорлик меморандумини расмий имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
FIBAA Германия, Австрия ва Швейцария бизнес ассоциациялари томонидан ташкил этилган бўлиб, 30 йилдан ортиқ тажрибага эга мазкур ташкилот бугунги кунга қадар 35 дан зиёд мамлакатдаги 400 дан ортиқ олий таълим муассасасида 5600 дан зиёд таълим дастурини аккредитациядан ўтказган. Ташкилот фаолиятига 1100 нафардан ортиқ халқаро эксперт жалб қилинган бўлиб, 60 дан зиёд институционал аккредитация амалга оширилган.
FIBAA аккредитацияси таълим дастурларининг халқаро миқёсда тан олиниши, мустақил эксперт баҳосини олиш, чуқур таҳлил ўтказиш ва таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Семинар-тренинг олий таълим муассасаларида сифатни таъминлаш тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, самарали бошқарув механизмларини жорий этиш ҳамда халқаро аккредитация жараёнлари бўйича илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилади. Ушбу ташаббус мамлакатимиз олий таълим тизимининг халқаро таълим маконига интеграциялашувини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА мухбирлари