Эндиликда якка тартибдаги тадбиркор ҳам лизинг олувчи бўлиши мумкин
Лизинг хизматлари — бу машина, замонавий ускуна, техника ёки бошқа мол-мулкни узоқ муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш асосида фойдаланишга олиш усули ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу хизматлар кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 1 йилда лизинг битимлари 28 фоизга ошган. Битимларнинг 65 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади. Эндиликда якка тартибдаги тадбиркор ҳам юридик шахс сингари лизинг олувчи бўлиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси молия бозори инфратузилмасини ривожлантириш, нобанк молиявий хизматлар соҳасида рақобатни кучайтириш ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
— Бугунги кунда юртимизда якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) сони 284 мингдан ошди, — деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Б.Ражабов. — Аммо уларнинг лизинг хизматларидан фойдаланишида айрим тўсиқлар мавжуд. Қонун лойиҳаси билан Фуқаролик кодекси ҳамда “Лизинг тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, якка тартибдаги тадбиркор ҳам юридик шахс сингари лизинг олувчи бўлиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, баланси мавжуд бўлмаган ЯТТга ҳам лизинг хизмати кўрсатилиши мумкин. Бу эса ЯТТларга зарур техника ва ускуналарни лизинг асосида жалб қилиш имконини яратади.
Шунингдек, лизинг олувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлган ҳолларда лизинг объектини лизинг берувчининг балансида ҳисобга олиш белгиланмоқда. Лизинг шартномасида эса мол-мулкка эгалик қилиш, амортизацияни ҳисоблаш тартиби, объектдан фойдаланиш шартлари ва чекловлари аниқ кўрсатилмоқда.
Шунингдек, йиғилишда жисмоний шахслар лизинг хизматидан фойдалана олмаслиги айтиб ўтилди.
Муҳокамалар давомида бир қатор саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар қайтарилди. Таъкидланганидек, лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар якка тартибдаги тадбиркорларнинг муқобил молиялаштириш манбаларига кириш имкониятларини кенгайтиради.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА